Тошкентлик фуқаронинг ўзига тегишли бўлмаган квартираси учун коммунал тўловлар бўйича тўпланган қарзи туфайли Ўзбекистондан чиқиб кетиши тақиқланган. Бу ҳақда «Потребитель.Уз» Телеграм канали хабар беради.
Аёл ўзининг четга чиқиши тақиқланиши ҳақида МИБ юборган SMS-хабар орқали билиб қолган. У ўз манзили бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги идорага учрайди. У ерда аёлга нисбатан уларда эмас, балки Олмазор тумани Мажбурий ижро бюросида даъво борлигини айтишган. Аёлга коммунал тўловлардан 3 миллион сўмдан (272 АҚШ доллари) ортиқ қарзи борлиги тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича суд қарорининг босма нусхаси берилган.
Бироқ, Тошкент шаҳрида яшовчи ушбу фуқаронинг Олмазор туманида ҳеч қанақа квартираси бўлмаган.
«Олмазор МИБга қўнғироқ қилдим, улар биз шунчаки ижрочимиз, масалани судда ҳал қилинг, дейишди. Шайхонтоҳур судига келиб, бу қарорни чиқарган судя Бердимуродова З.Д. га учрадим. Суд ижрочиси Абдулазиздан ушбу хонадон менга тегишли эмаслигини туман Солиқ инспекцияси маълумотлар базасидан текширишни сўрайман. У текширди — йўқ, менга тегишли эмас. Бизнинг айбимиз йўқ, дейди у. Унинг айтишича, Олмазор тумани МИБ шундай маълумотларни тақдим этган», — деб ёзади тошкентлик аёл.
Унга суд қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза ёзиш шарти билан хатосини тузатишни ваъда қилишган. Аёл ариза ёзган. Унга уч кундан кейин келиб, суд томонидан тайёрланган раддияни олиб, МИБга бориши кераклиги айтилган.
«Бу ҳали «хамир учидан патир» эди! Бир ҳафта ўтгач, раддия қарори тайёр эмас эди, телефон қўнғироқлари жавоб бермасди ва ниҳоят жавоб беришганда, улар душанба куни раддия қарори тайёр бўлишини айтишди. Эрталаб эса қўнғироқ қилиб, ариза топширганмисиз, деб сўрашди, чунки улар аризамни топа олишмаяпти экан!!! Яхшиямки, аризадан нусха кўчириб, муҳрлатиб олгандим. Энди нима қилай, тоқатим тоқ бўлди!», — деб шикоят қилади ўзбек аёли.
«Потребитель.Уз» Telegram-канали ва Facebook (Meta корпорациясига тегишли ушбу тармоқ РФда эстремистик деб тан олинган ва тақиқланган) ижтимоий тармоғида қолдирилган изоҳларда одамлар маълумотлар базасидаги ҳатолар ҳақида турли мисолларни келтиришган. Айримларига ёт «коммунал қарзлар» ёзилган , айримлари никоҳда бўлишига қарамай, «ажрашган» бўлиб чиққан, бошқаларига ҳаётда мавжуд бўлмаган балконга ўзбошимчалик билан қурилиш қилганлик айби қўйилган.
«Менда ҳам шундай ҳолатлар тез тез учраган — бир қарасанг, бирорта ҳам мулким йўқ, яна бир қарасанг, мулкимга Андижон вилоятида яшовчи одам эгадор бўлиб чиқади. Баъзида фамилиямиз бир ҳиллиги туфайли бошқа одам учун солиқ тўлашимни талаб қилишади. Аслида қолгани — исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш жойи, СТИР – буларнинг барчаси бошқа- бошқа!— деб ёзади гуруҳнинг бир аъзоси.
Энг шов-шув бўлган воқеа 13 яшар боланинг «алиментдан қарзи» борлиги сабаб четга чиқарилмагани бўлди.
Ўтган йил октябрь ойида ўзбекистонликлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштирилган ФҲДЁ маълумотлар базаси хатоларга қалашиб кетганидан шикоят қилгандилар. Баъзиларга қўшимча фарзандларни ёзиб қўйишган, бошқаларининг қариндошлари кўрсатилмаган ва яна бирларининг турмуш ўртоғлари «маҳрум» ҳисобланган, айримларнинг эса иккитадан «хотини» борлиги аниқланган.