Россия Федерацияси мактабларида мусофирлар учун махсус тест синовлари ўтказилган, унинг натижаларига кўра, мигрантлар болаларининг деярли 18 фоизи рус тилини умуман билмаслиги ёки тилни ёмон билиши аниқланган. Бу ҳақда вояга етмаган чет элликларнинг лингвистик ва ижтимоий-маданий мослашувини баҳолаш тизимини синовдан ўтказиш лойиҳаси раҳбари Ксения Габдраҳманова маълум қилди, деб ёзади РБК.
Рус тилини билиш диагностикаси, шунингдек, мигрант оилалардаги мактаб ўқувчиларининг 58% дан ортиғи имтиҳонни муваффақиятли топширганини ва 23% дан ортиғи ўрганишда қийинчиликларга дуч келаётганини кўрсатган.
Габдраҳманова таъкидлаганидек, мониторинг Россия Федерацияси Таълим вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган ва унинг мақсади хорижликлар ўртасидаги билим даражасининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш бўлган.
2024/25 ўқув йили бошида бундай тадбирларда 155 мингга яқин мигрантлар болалари қатнашган, бу эса рус мактабларида ўқиётган мусофирлар умумий сонининг 74,4 фоизини ташкил қилади.
Маълумки, бундай тестларни ўтказиш бўйича буйруқ 2023 йили чиқарилган, аммо диагностика мажбурий бўлмаган. Ҳужжатга кўра, мактаблар имтиҳондан ўта олмаганлар учун рус тилидан қўшимча дарслар ташкил этиш ҳуқуқини олган.
Чет элликлар билим даражасини аниқлаш учун махсус материаллар ишлаб чиқилиб, улар ўқувчиларнинг ёшига қараб тартибланади. Мисол учун, бу йил биринчи синф ўқувчилари учун вазифалар соддалаштирилган: «тинглаш» олиб ташланган, фақат умумий давомийлиги 20 дақиқа бўлган «гапириш» блоки қолдирилган. Еттинчи синф ўқувчилари эса ўзлари ҳақидаги бир нечта саволларга эркин жавоб беришлари, график тасвирлашлари, мақолнинг маъносини тушунтиришлари, матнни ўқишлари ва тинглаган парча бўйича саволларга жавоб беришлари керак бўлади.
Имтиҳон олган бошланғич синф ўқитувчисининг РБКга айтишича, бу сафар унинг фикрича, тестлар анча соддалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, юқори даражага эга бўлиш учун топшириқларнинг ярми бажарилиши кераклигини ҳисобга олсинса, кўпчилик ўқувчилар осонлик билан ўтиш баллига эришишлари керак.
ℹ️ 25 ноябрь куни Давлат Думасига қонун лойиҳаси киритилди, унга кўра, рус тилини яхши билмайдиган мигрантлар фарзандлари мактабларга қабул қилиниши тақиқланади. Агар ҳужжат барча органлар томонидан тасдиқланса, Россия Федерациясига ташриф буюрувчилар учун тил тести мажбурий бўлади.
Аввалроқ Россия таълим вазири Сергей Кривцов вазирлик педагогика олий ўқув юртларида чет элликлар, шу жумладан, бундай курслардан ўтиши керак бўлган болалар учун рус тилини ўрганиш марказларини яратиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилганди.