Ўзбекистон бу йили хорижий инвестициялар ҳажмини 34 миллиард доллардан оширмоқчи

stat.uz сайти фотосурати

Январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга 26 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди, бу ўтган йилга нисбатан 1,7 баробар кўпдир. Бироқ, мутасаддилар жорий йил охиригача бу миқдорга 8,6 миллиард доллар қўшиб, шу орқали умумий маблағ миқдорини 34 миллиард доллардан оширишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган мажлисда шу каби маълумотлар келтирилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Мамлакат иқтисодиётига жалб қилинган 26 миллиард долларнинг асосий қисми – қарийб 24 миллиард доллари тўғридан-тўғри инвестициялар экани алоҳида таъкидланди. Хорижий ҳамкорлардан олинган маблағлар ҳисобидан 6,3 мингта янги корхона ишга туширилган. Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг қўшилган қиймати 30 триллион сўмни (2,3 миллиард доллар) ташкил этган, экспорт ҳажми 305 миллион долларга ошган, шунингдек, хорижий инвестициялар ҳисобидан 163 мингта юқори маошли иш ўрни яратилган.

Бироқ, президент камчиликларга ҳам эътибор қаратди. Шундай қилиб, саккизта туман ва шаҳарда инвестиция кўрсаткичлари паст бўлган. Айрим тармоқларда ўтган йилга нисбатан камайган. Халқаро молия институтлари билан амалга оширилаётган баъзи лойиҳалар суст бормоқда. Хусусан, 17 та лойиҳада лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер жараёнлари кечиккан.

Президент ҳудудларнинг инвестициявий фаоллигини янада ошириш, бу борадаги ёндашувларни тубдан ўзгартириш шартлигини кўрсатиб ўтди. Масалан, Европа тараққиёт ва тикланиш банки мамлакат бизнес муҳитидаги ижобий ўзгаришларни, иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини ҳисобга олиб, хусусий сектор иштирокидаги лойиҳаларни ҳам молиялаштиришга тайёрлигини билдирган.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, инвестицияларнинг нафақат ҳажмини, балки сифатини ҳам ошириш зарур. Яъни, ҳар бир доллар саноат ривожига, янги иш ўринлари яратилишига, экспорт салоҳиятининг ошишига хизмат қилиши керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ