Ўзбекистонда вокзал ва поездлар юридик шахслар томонидан бошқарилишига рухсат берилади

sputniknews.uz сайти фотосурати

Темир йўлларга тегишли бўлган объектлар ва ер участкаларини, шу жумладан станциялар ва ҳаракат таркибини тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартларида бошқариш, модернизация қилиш ва қуришга рухсат берилади. Бу қоида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни имзолаган «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонунда кўрсатилган.

Ҳужжатда таъкидланганидек, объектлар концессия ёки ДХШ шартномасининг амал қилиш муддати давомида ижарага, эгалик қилиш ёки фойдаланиш асосида тадбиркорликка берилиши мумкин.

Умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл йўлларининг эгалари вагонлар ва контейнерларни ўтказиш, тўхтаб туриш, етказиб бериш ва олиб чиқиш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек юк билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда тарифлар рақобат тўғрисидаги қонун доирасида тартибга солинади.

Маълумки, ҳозирда 40 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, уларнинг корхоналари, шунингдек, мазкур йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлар темир йўл транспорти инфратузилмаси эгалари ҳисобланади.

Шунингдек, қонунда вагонлар операторлари ва йўловчи ташувчилар ўз хизматлари учун нархларни бозор тамойилларидан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилашлари ҳам белгилаб қўйилган. Яъни, бу юк вагонлари билан таъминлаш ва тезюрар поездларда ташишга тааллуқлидир. Жамоат поездлари учун тарифлар бундан кейин ҳам давлат томонидан назорат қилинади.

Агар, бозорда рақобатбардошликни таъминлаш мақсадида давлат томонидан белгиланган чипталар нархи туфайли хусусий корхона зарар кўрса, бу ҳолда республика бюджети ҳисобидан компенсация механизми тақдим этилади. «Газета.uz» ёзишича, қонун муҳокама қилинаётганда сенатор Қобул Турсунов 2025 йили бундай йўқотишларни қоплаш учун 1,7 триллион сўм (132 миллион доллардан ортиқ) талаб қилинишини ҳисоблаб чиққан.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қонун иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, транспорт соҳасида ишбилармонлик фаоллиги учун шарт-шароит яратиш, хорижий сармояларни кенг жалб этиш ва темир йўл транспорти соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилган. Қонунга ўндан ортиқ янги тушунчалар киритилган: вагонлар (контейнерлар) оператори, қўл юки, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси оператори ва бошқалар.

Қайд этилишича, мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг аксарият бандлари олти ойдан сўнг – 2025 йил 29 майдан кучга киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ