Тошкентда метрополитенга қатнайдиган янги автобус йўналишлари очилади

Ерусти метро қурилиши. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тошкентда жамоат транспорти билан яхши қамраб олинмаган маҳаллаларга 12 та янги автобус йўналиши очилиб, метро бекатлари билан боғланади. Шунингдек, Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келувчи 9 та катта йўлда тезкор автобус қатновлари ташкил этилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилиши билан танишувида сўз юритилди.

2020 йилда Тошкент ерусти ҳалқа метросининг «Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган биринчи босқичи қурилган эди. Бугунги кунда Қўйлиқдан Сергели йўналишининг 5-бекатига элтувчи иккинчи босқич барпо этилмоқда. Ҳозирги кунгача 200 дан зиёд таянч устунлар ўрнатилиб, эстакадалар қурилмоқда.

Айни кунга қадар 200 дан ортиқ таянч ўрнатиш ишлари якунланди, йўл ўтказгичлар қурилиши давом этмоқда. Бу участканинг узунлиги қарийб 12 километрни ташкил этади, унда еттита бекат бўлади. Поездлар орасидаги интервал 13 дақиқани ташкил қилади. Бу линия кунига 40 мингга яқин йўловчини ташиш имкониятига эга бўлади.

«Бунинг эвазига шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ – Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 32 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камайиши мумкин»,— дейилади давлат рахбари матбуот хизмати хабарида.

Буларнинг натижасида метро ҳаракатининг таннархи, аҳолининг жамоат транспортига харажати ва кутиш вақти сезиларли қисқаради. Шаҳарга кириб келувчи енгил автомобиллар сони 97 мингтагача, магистрал кўчаларда тирбандлик 10 фоизгача камайиши мумкин.

Президент метро бекатлари яқинида автомобиллар ва велосипедлар тўхташ жойларини ташкил этиш, электробуслар паркини кенгайтириш, трамвай линияси қурилишини тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ