Пахта нархининг ошиши Россия бизнесини Ўзбекистонга юзлантирмоқда

Пахта йиғими. surxondaryo.uz сайти фотосурати

Finn Flare рус-фин савдо тармоғи бош директори Ксения Рясованинг айтишича, пахта нархи ошгани сабабли компания Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари томон юзланмоқда. Бу ҳақда BFM хабар беради.

Рясованинг фикрича, пахта Россиядан ҳеч қаерга кетмайди, балки ҳашаматга айланиб қалади.

«Компаниямиз имкон қадар нарх учун курашади. Биз Хитой ва Бангладеш бозоридан кетдик, энди Ўзбекистон томон йўл олдик. Биз нархларни ушлаб туришга ҳаракат қиляпмиз, лекин у барибир кўтариляпти. Долларда нархлар 70% га ошди ва сўнгги ўн йил ичида эмас, балки асосий қисми сўнгги икки йилга тўғри келди. Ўтган йили 44 фоизга ўсиш кузатилган бўлса, бу йил ҳам катта ўсиш кузатилди.

Ҳа, энди бундан кейин пахтадан тўқилган футболка ҳашамат бўлиб қолишини тушуниш лозим. Аммо, биз учта футболка ўрнига битта, лекин пахтадан тўқилган футболкани сотиб ололмаймиз. Нархлар кўтарилмоқда, нима ҳам қила олардик, барибир ҳеч нарса пахта ўрнини босолмайди», — дейди тадбиркор аёл.

Reuters маълумотларига кўра, пахта фючерсларининг ўсиши 11 йиллик энг юқори кўрсаткичга етган. Ўртача нархлар йилига 70% га ошди. Юк ташиш ва ёқилғи нархининг кескин ўсиши кийим ишлаб чиқарувчиларга зарар етказмоқда, харидорлар эса ортиқча тўлашни хоҳламайдилар. Баъзи ип ва кийим ишлаб чиқарувчилар пахтани арзонроқ синтетик матолар билан алмаштиришга мажбур. Бундан ташқари, энг йирик пахта етказиб берувчи Ҳиндистонда баҳорнинг ўта ёмғирли келиши туфайли йиғим-терим ишлари тўхтаб қолган. Ноаниқликка Россия Федерациясининг Украина ҳудудидаги ҳарбий операцияси келиб қўшилди.

Россия бозори Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини етказиб берувчилар учун энг муҳимларидан бири бўлиб қолмоқда. 2016 йилдан 2020 йилгача Россияга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми қарийб икки баравар ўсди: 338 миллион доллардан 665 миллион долларгача. 2021 йилнинг биринчи ўн ойида Россия бозорига етказиб бериш 769,7 миллион долларни ташкил этди. Бу умумий экспорт ҳажмининг 32,1 фоизини ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ