Ўзбекистонда шакар нархининг ошишига Лондон фонд биржасидаги нархларнинг кўтарилиши ва бошқа бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Иқтисодий тараққиёт ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати бу борада ўз изоҳларини келтирган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 26 май ҳолатига кўра, мамлакатда шакарнинг бир килограмми нархи 9-14 минг сўмни ташкил қилган (0,81-1,3 доллар). Баҳорнинг сўнгги кунида «Потребитель.уз» Телеграм-каналида нархлар 16 минг сўмга кўтарилгани ва чакана савдо шохобчаларида шакар сотувида бир киши учун 2-5 кг чеклов киритилгани ҳақида хабар берилган эди. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг сотувда шакар йўқолгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалмоқда.
Шакар тақчиллиги ва ушбу маҳсулот таннархининг ошиши бугунги кунда узоқ ва яқин хориж мамлакатларида кузатилмоқда, дея таъкидлайди Иқтисодий тараққиёт вазирлиги. Бир қатор мамлакатларда нарх 52 фоизга ошиб, 21 000 сўм (1,9 доллар) эквивалентига етган. Хориждаги нархларнинг ошиши Ўзбекистон ички бозорида аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида инфляция кутилмаларга таъсир кўрсатмоқда.
«Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди», — дейилади вазирлик хабарида.
Аввало, шакар нархининг ошиши ушбу маҳсулот ва унинг учун хомашёни Марказий Осиёга етказиб беришда транспорт ва логистика муаммолари ва ёқилғи нархининг ошиши билан боғлиқлиги айтилади.
«Мисол учун, бугунги кунда Лондон биржасида шаклланган шакарнинг нархи (500 доллардан 575 долларгача) 15 фоизга ошган бўлса, унинг Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари 1 тоннаси учун 173 доллардан 271 долларгача ёки 57 фоизга ошган. Натижада, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ДАП Узбекистан шартида Ўзбекистон Республикаси чегарасигача етказиб бериш тайёр шакарнинг қиймати (божхона ва солиқ тўловларисиз) йил бошидаги 674 доллардан 840 долларгача ёки 25 фоизга ошган»,— деб тушунтиради вазирлик.
Бундан ташқари, анъанавий денгиз портларининг ёпилиши ҳамда алтернатив портлар ўтказувчанлик сиғимларининг пастлиги товарларни узоқ муддат қолиб кетиши ҳамда сақлаш билан боғлиқ қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда.
Юзага келган мазкур шароитда минтақадаги экспортёр давлатлар ҳамда Ҳиндистон томонидан экспортга чекловнинг киритилиши кузатилмоқда. Бундан олдин Россия ва Қозоғистон ҳам шундай йўл тутган эди.
Вазирликка кўра, мамлакатда шакар тақчиллиги йўқ.
Жумладан, биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2 000 тоннадан 3 000 тоннагача оширилади. Жорий йилда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 720 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпроқни ташкил этади. Бунда шакар ва унинг хомашёси импорти ҳажми ўтган йилги 643 минг тоннадан 900 минг тоннагача оширилади.
Ўзбекистон ҳукумати мева-сабзавот консервалаш мавсуми бошланишини ҳисобга олиб, июнь ойидан бошлаб биржадаги шакар савдолари ҳажмини 50 фоизга – 2 минг тоннадан 3 минг тоннагача оширади.
Март ойида Ўзбекистонда Россияга қарши Ғарб санкциялари киритилгандан сўнг шакарга талаб ортиб, нархлар кўтарилганида Ўзбекистон Монополияга қарши қўмитаси Россия ва Украинадан етказиб беришдаги узилишлар республика ички бозорига унчалик таъсир қилмаётганини айтди, зеро бу икки мамлакат шакарнинг атиги 2% га яқини импорт қилинади. Ангрен ва Хоразмдаги шакар заводлари шакар хом ашёсини асосан Бразилиядан сотиб олади. Ўтган йил охирига келиб Ўзбекистон бу мамлакатдан 23 минг тонна шакар (бир йил аввалгига нисбатан 344 минг тонна кам) ва 620 минг тонна (423 минг тонна кўп) шакар хом ашёси сотиб олди, деб хабар қилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.