Қозоғистонлик футболчиларнинг маоши ошкор бўлди

Адилет Барменкулов. informburo.kz сайти фотосурати

Қозоғистон футбол федерацияси (КФФ) президенти Адилет Барменкулов спорт блогери Арманжан Байтасовга берган интервьюсида Қозоғистоннинг профессионал клубидаги футболчининг ўртача маоши йилига 2 миллион тенге (4,8 минг доллар) ёки йилига 57,6 минг долларни ташкил этишини айтди. Интервью блогернинг Youtube-каналида эълон қилинган.

Гап Қозоғистон чемпионати олий лига клубларида тўп сурадиган профессионал футболчилар ҳақида кетмоқда. Рақамларни айтаркан, Барменқулов футболчиларнинг умумий даромадлари, жумладан маоши ва бонусларини назарда тутган. КФФ президенти, шунингдек, Қозоғистонда футбол клубини сақлаш йилига ўртача 2 миллиард тенге (4,8 миллион доллар)га тушишига аниқлик киритган.

Ўтган йил декабрь ойида «Астана» ва Қозоғистон терма жамоаси ҳимоячиси Абзал Бейсебеков жамоадаги молиявий инқироз туфайли ойлик маоши қисқартирилганидан сўнг клубдаги маош маҳаллий футболчилар учун ҳам, хорижликлар учун ҳам ойига 8 000 дан 10 000 долларгача бўлганини айтган эди. Шу билан бирга, 2020 йили банкрот бўлган Павлодар «Иртиш»ининг туркманистонлик легионери Руслан Мингазов ойига 17 минг доллар маош олгани маълум бўлган.

Ўтган йил июнь ойида Тошкентнинг «Пахтакор» клуби маошлар жадвалини эълон қилганди, унга кўра, юқори маош оладиган легионерлар Драган Черан ва Эрен Дердиёкни ҳисобга олмаганда, футболчининг ўртача маоши йилига 800 миллион сўмни (73 минг доллар) ташкил қилган. «Фарғона» маълумотларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон чемпионатларида маҳаллий футболчиларнинг ўртача ойлик маоши 700 доллардан ошмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ