Андижон давлат чет тиллар институти кузда илк талабаларни қабул қилади

xs.uz сайти фотосурати

Андижон давлат чет тиллар институти 2022/2023 ўқув йилида илк талабаларни қабул қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармойиш берди.

Янги университет Андижон давлат университетининг Бобуршоҳ кўчасида жойлашган биноларини эгаллайди. У олий таълим муассасаларининг 1000 та энг яхши халқаро рейтингига киритилган университетлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқадиган ўз таълим дастурлари бўйича мутахассислар тайёрлайди.

Институтга кадрлар тайёрлаш учун амалий тажрибага ва (ёки) илмий даражага эга профессор-ўқитувчиларни, шунингдек, малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш топширилди.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Институтнинг хорижий тиллар ўқитувчилари С1 даражасидан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлиши, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб институтнинг мутахассислик фанлар (хорижий тилдан ташқари) ўқитувчиларининг B2 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлиши лозим.

Институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади.

Шу билан бирга, В2 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификат ёки унга мувофиқ халқаро тан олинган сертификат эгаларига ушбу фан бўйича имтиҳонсиз максимал балл берилади. C1 даражадаги миллий сертификат ёки унга мос келадиган халқаро миқёсда тан олинган сертификат эгалари магистратурага қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Институт талабаларига иккита чет тили бўйича малака берилади.

Андижонда чет тили институтини очиш режаси 2021 йил декабрь ойида маълум бўлганди. Шу билан бирга, Наманганда ҳам шундай университет очиш кўзда тутилгани хабар қилинганди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганиш таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 2019 йили республикада иқтидорли болалар учун Президент мактаблари очилди, уларда таълим инглиз тилида олиб борилади. Ҳукумат ҳузурида Чет тилларни ўрганишга кўмаклашиш агентлиги ташкил этилди. Унинг вазифалари қаторидан «болалар боғчаси – мактаб – олий таълим ташкилоти – корхона» тамойили бўйича узлуксиз таълим тизимига жорий этиш учун аҳолининг барча тоифалари учун мос бўлган тилларни ўрганиш услублари ва тавсияларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш ўрин олган.

2021 йили Ўзбекистонда Foreign Languages телеканали очилди. Камида C1 даражасида чет тилини билиш сертификатига эга бўлган ўқитувчиларга иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида мукофот пули ваъда қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ