Импорт қилинаётган 20 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари йил охиригача божхона божларидан озод этилади

Gastronom.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда 20 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортига божларни нолга тушириш муддати 2022 йил охиригача узайтирилади. Бу ҳақда 31 май кунги йиғилишда сўз юритилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 1 майдан гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари божхона тўловларидан озод этилиш тартиби ўз ниҳоясига етганини таъкидлади. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида мазкур тартиб муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Худди шу мақсадда ҳукумат давлат харидлари орқали озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришга чекловларни вақтинча олиб ташлайди ва озиқ-овқат импортига оширилган бож ставкаларини қўллашни тўхтатади. Монополияга қарши қўмитага бозорда рақобатни таъминлаш, нархларнинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик топширилди.

Шу куни президент Ўзбекистон божхона ҳудудидан ўсимлик ёғи, жумладан, пахта чигити ва кунгабоқар ёғини (агар 1 июнгача амалдаги шартномалар бўйича олдиндан тўланмаган бўлса), шунингдек, кунгабоқар уруғи ва ёғини олиб чиқишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Йиғилишда бугунги кунда бутун дунёда чекловлар кучаяётгани, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб бораётгани таъкидланди.

«Дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кун сайин кучаймоқда. Жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи 33 фоизга, шакар 14 фоизга, нефть 47 фоизга ошди. Албатта, бу юртимиздаги нарх-навога ҳам таъсир кўрсатаяпти. Масалан, май ойида Қашқадарё ва Наманган вилоятларида картошка, ун, шакар қимматлашган.
Бундай шароитда ҳокимлар барча ички имкониятларни сафарбар этиб, бозорларни маҳсулотлар, энг муҳими – озиқ-овқат билан тўлдириш учун икки карра кўпроқ ишлашлари шарт. Лекин, кўп ҳокимлар нарх-навога эътибор қилмасдан, жиловни қўлидан чиқариб юборган», — деди президент.

Давлат раҳбари ҳокимлардан уч кун муддатда маҳаллаларнинг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражасини ўрганишни, зарур ҳолларда уларни бошқа ҳудудлардан етказиб беришни тезлаштиришни талаб қилди.

Йиғилишда асосий маҳсулотлар, жумладан, паррандачилик ва чорвачиликни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, республиканинг кўплаб ҳудудларида парранда гўшти етиштириш аҳоли эҳтиёжини қондира олмаётгани таъкидланди. 50 дан ортиқ йирик паррандачилик корхоналари ўз қувватларининг ярмида ишламоқда, уларни озуқа, жумладан, буғдой билан таъминлашда қийинчиликлар мавжуд.

1 июндан паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм револьвер кредит ажратилади. Паррандачилик корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун олинадиган тижорат кредитларга Тадбиркорлик жамғармасидан гаров таъминотининг 50 фоизига кафиллик бериш ва 17 фоиздан ошган қисмини компенсация қилиш тизими жорий қилинади; паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш ва кафолат ва компенсация бериш орқали уларни олишга кўмаклашиш учун 400 миллиард сўм (36 миллион доллар) қайтарилувчи кредитлар ажратишга қарор қилинди.

Президент паррандачилик маҳсулотлари бозорини таҳлил қилиш ва тармоқ лойиҳаларини тўғри жойлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришдан тортиб то сотишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, кооперация асосида парранда боқиш самарадорлиги таъкидлади. Масалан, Нуробод туманида тадбиркорлар томонидан инкубаторлар тарқатиш орқали аҳоли билан биргаликда парранда гўшти ва тухум харид қилиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда вилоят ушбу маҳсулот билан ўзини-ўзи таъминлашга эришиб, Самарқанд шаҳри ва қўшни вилоятларга маҳсулотлар етказиб бера бошлади.

Нурободликлар тажрибасини кенгайтириш мақсадида айрим маҳаллаларда аҳоли учун паррандачилик курслари ташкил этиш, уларга паррандачилик фермаларини бириктириш топширилди. Бундай фермер хўжаликлари бўлган ҳар бир маҳаллага оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 200 миллион сўм (18 минг доллар) имтиёзли кредитлар ажратилади. Бу маблағлар ҳисобидан аҳолини товуқ ва озуқа билан таъминлаш кутилмоқда.

Мирзиёев ҳокимлар ва мутасаддиларга йил охиригача парранда гўшти етиштиришни камида 35 фоизга, яъни 600 минг тоннага етказиш бўйича топшириқ берди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2,5 минг маҳалла паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичиликка ихтисослашгани хабар қилинган эди. Ўтган йил ноябрь ойида ҳоким ўринбосарларига томорқа эгаларига наслли чорва молларини кўпайтиришда ёрдам бериш бўйича топшириқ берилганди ва ҳар бир хонадонда 100 та парранда, 20 та қуён, 5-6 та қўй-эчки, 5 та асалари уяси, камида 5-10 бош курка бўлиши мақсадга мувофиқ экани белгиланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ