Ўзбекистон Адлия вазирлиги Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини муҳокамага киритди.
Адлия вазирлиги янги ҳужжат қабул қилиш зарурати тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш борасидаги камчиликларни замонавий тенденциялар асосида бартараф этиш нияти билан изоҳлайди. Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли 3000 га яқин меъёрий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, бундай кўп ҳужжатлар улар ўртасида зиддиятларга олиб келиши, зарур нормаларни излаш ва амалга оширишни мураккаблаштириши, тадбиркорлик субъектларининг асосли эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.
«Ушбу Кодекснинг асосий вазифалари жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, хусусий мулк, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат», — дейилади изоҳда.
Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишда АҚШ, Франция, Қозоғистон, Германия, Япония, Латвия, Эстония, Украина, Жанубий Корея ва Австрия тажрибасидан фойдаланилган.
Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси 8 бўлим, 34 боб ва 385 моддадан иборат. У 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирлаштиришни назарда тутади, тўққизта қонун, иккита қонун лойиҳаси ва ўндан ортиқ қонун ости ҳужжатларини ўз ичига олади.
Жумладан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Деҳқон хўжалиги тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида», «Хусусий тадбиркорлик тўғрисида», «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги ва бошқа қонунларнинг нормалари ўрин олган. Қонун лойиҳаси қабул қилингандан кейин тўққизтасининг ҳаммаси ўз кучини йўқотади.
«Тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги кодекс» лойиҳасида:
👉 хўжалик юритувчи субъектларни кичик, ўрта ва йирикларга бўлиш;
👉 тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базасини қисқартириш, «хўжалик компанияси» ташкилий-ҳуқуқий шаклини бекор қилиш;
👉 якка тартибдаги тадбиркорлар шуғуллана олмайдиган фаолият турларини белгилаш;
👉 тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ва шаклларини белгилаш ва бошқа қоидалар ўрин олган.
Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёни 14 июнь куни якунланади.