Исроил ҳукумати ташаббуси билан Тошкентдаги Ғалаба боғида 1941-1945-йилларда қочқинларни қутқаргани учун Ўзбекистон шарафига хотира ва миннатдорлик монументи ўрнатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси маълум қилди.
Ёдгорлик Ўзбекистондаги таниқли ҳайкалтарош Марина Бородина томонидан яратилган. Унга матн тўрт тилда – ўзбек, инглиз, иброний ва рус тилларида ўйиб ёзилган:
«Урушнинг энг оғир 1941-1942 йиллари Ўзбекистонга бир ярим миллиондан ортиқ қочоқлар ва эвакуация қилинган одамлар келтирилган. Уларнинг орасида бир неча юз минг яҳудий бўлган. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, нонини, бошпанасини улар билан баҳам кўргани туфайли қочқинлар шу ерда бошпана ва нажот топдилар. Яҳудий халқи ва Исроил давлати бундан миннатдордир ва бу эзгуликни эслайди, қадрлайди».
26 май куни ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда қўмита, элчихоналар ва дўстлик жамиятлари вакиллари иштирок этдилар.
Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Зеҳавит Бен Ҳиллел ўз нутқида Иккинчи жаҳон уруши даврида қочқинларни қутқариб қолган Ўзбекистон ҳукумати ва халқига ўз миннатдорчилигини билдирди.
«Биз ўзбек ва яҳудий халқларининг узоқ ва бой қўшма тарихи, бой бухоро-яҳудийлари диаспораси, Исроил Давлати ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари билан фахрланамиз.
Ўша оғир йилларда Ўзбекистон минглаб яҳудийлар учун нажот маскани бўлганини биламиз. Исроил халқи ва Исроил давлати буни унутмайди ва Ўзбекистон халқидан доимо миннатдордир. Умид қиламанки, ушбу ёдгорлик ёрдамида биз Ўзбекистон халқи кўрсатган саховат ва бағрикенглик борасидаги ёрқин тарихни янада кенгроқ ёритиб борамиз», — деди Зеҳавит Бен Ҳиллел.
«Бу жасорат учун эмас, балки бугунги кунда бутун дунёда этишмаётган меҳр-оқибат, дўстлик ва ўзаро ёрдам учун қўйилган хотирадир», — дея қўшимча қилди Исроил элчихонаси матбуот хизмати.