Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга мактуб йўллаб, унда Самарқандда юз берган воқеа юзасидан чора кўрилишини сўраган

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги. Gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга мактуб йўллаб, унда ички ишлар органи ходимлари қозоғистонлик сайёҳларга қарши электр шокери ишлатганини таъкидлаган. Бу ҳақда вазирлик расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни тартибга солиш учун хат юборди. Биз фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларимизга нисбатан электрошокердан фойдаланаётгани акс этган видеода шуни айтиш керакки, Ўзбекистон жамиятининг ўзи бу ҳолатни қораламоқда», — дейди ТИВ расмий вакили.

Вазирлик, шунингдек, вазият назорат остида эканини таъкидлаган.

«У ерда ички текширув бошланди, ходимлар ишдан четлатилди. Биз бунга аралашмасликка ҳаракат қиламиз ва фақат фуқароларимиз ҳимоясининг бир қисмини назорат қиламиз», — дея қўшимча қилди вазирлик матбуот хизмати.

Тилга олинган мазкур воқеа 21 майга ўтар кечаси Самарқанд шаҳрида содир бўлган. Шаҳар ички ишлар бошқармаси патрул хизмати ходимлари бир неча сайёҳни, жумладан, Қозоғистондан келганларни қўлга олиб, ҳужжатларини кўрсатганига қарамай, уларни идентификация қилиш учун электр шокери воситаларидан фойдаланган ҳолда полиция бўлимига етказган.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари соат 23:00 дан кейин кўчада юриш мумкин эмаслиги, чунки шаҳарда «Хавфсиз тун» тадбири ўтказилаётгани ва уларда одамларни қўлга олиш бўйича «режа» борлигини таъкидлаганлар, деб ёзади Gazeta.uz.

Жабрланганлардан бирининг сўзларига кўра, милиция бўлимида сайёҳлардан шахсий буюмлар ва ҳужжатлар олиб қўйилган. Офицер ўзини юқори мартабалиман деб таништириб, уларни ҳибсга олиш вақтида ёзиб олган барча видеоларни ўчириб ташлашга ва «бу ишни кўпиртирмасликка» кўндирган. Сайёҳлар икки соатдан кейин қўйиб юборилган.

Кейинроқ Ўзбекистон ИИВ мазкур орган ходимлари касб этикаси меъёрларини қўпол равишда бузгани ва ўз ваколатлари доирасидан четга чиққанини маълум қилди. Ҳозирда Ўзбекистон ИИВ шахсий хавфсизлик хизмати прокуратура билан биргаликда ушбу ҳодиса юзасидан ички текширув ўтказмоқда. Унинг натижаларига кўра, қонун бузилишига йўл қўйган барча ходимларни ҳамда уларнинг раҳбарларини жавобгарликка тортиш ва хизматдан четлаштириш масаласи кўриб чиқилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ