Ўзбекистонлик боксчи аёллар илк бор жаҳон чемпионатида медалларни қўлга киритдилар

Азиза Ёқубова. olympic.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон вакиллари Азиза Ёқубова ва Моҳира Абдуллаева IBA — 2022 бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бронза медалларини қўлга киритди. Бу бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси учун жаҳон чемпионатидаги илк совриндир. Бу ҳақда мусобақа ташкилотчисининг расмий сайтида хабар берилган.

Азиза Ёқубова 50 килограммгача бўлган вазн тоифасида ярим финалда колумбиялик спортчи Ингрит Валенсияга ютқазиб, финалга чиқа олмади.

Моҳира Абдуллаева 81 килограммдан юқори вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этди. Ярим финал жангининг биринчи раундидаёқ Абдуллаева Марокаш вакили Хайжи Мардидан жароҳат олиб, учрашувни муддатидан аввал якунлади.

Қозоғистоннинг беш нафар вакили бирданига жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўл олди. Аммо фақат Алуа Балкибекова 48 кг вазн тоифасида болгариялик спортчи Севда Асеновани мағлуб этиб финалга чиқди. Финалда Балкибекова туркиялик Айсе Чакирир билан учрашади.

Қозоғистон терма жамоасига бронза медалларини Жайна Шекербекова, Дина Жоламан, Карина Ибрагимова ва Валентина Халзова келтирди.

Жаҳон чемпионатида иштирок этган Қирғизистон ва Тожикистон спортчилари медал олмаган.

2022 йил 8-20 май кунлари Истанбулда бокс бўйича аёллар ўртасидаги IBA — 2022 жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Турнирда дунёнинг 73 давлатидан 310 нафар спортчи иштирок этмоқда. 12 та мукофотлар жамланмаси учун кураш олиб борилади. Турнирнинг мукофот жамғармаси 2,4 миллион долларни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг бокс терма жамоаси дунёдаги энг кучли терма жамоалардан бири ҳисобланади, аммо бу фақат жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида мунтазам ғолиб бўлаётган эркакларга тегишли. Ўзбекистонда энг муваффақиятли боксчи аёл Осиё чемпиони Гўзал Исматова бўлган, бироқ у 2021 йилнинг февралида 25 ёшида оламдан ўтган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ