Олмаота депутати Қозоғистондаги январь воқеаларига дахлдорликда гумон қилинмоқда

Кайрат Кудайберген. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Қозоғистонда депутат ва тадбиркор Қайрат Кудайберген январь ойидаги тартибсизликларни уюштирганлик ва иштирок этганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Олмаота прокуратурасининг маълум қилишича, 21 апрель куни у шаҳар Ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг махсус прокурорлари бошчилигидаги идоралараро тергов-тезкор гуруҳи Кудайберген Арман Жумагелдиев (Ёввойи Арман номи билан машҳур жиноят бошлиғи. – «Фарғона» изоҳи) билан биргаликда одамлар йиғилишини уюштирганини аниқлади. «Қозоғистон» меҳмонхонасида Жумагелдиев атрофида бирлашишга, уни қўллаб-қувватлашга ва ҳокимиятнинг умумий талабларини илгари суришга чақирди, шунингдек, одамларни 10 кишидан иборат «ҳужайра»ларга бўлиб, гуруҳларининг белгиси сифатида қўлларига оқ бандаж боғлашни буюрган.

«Шундан сўнг, Худойберген ва Жумагелдиевлар йиққан гуруҳ майдонга чиқади ва у ерда намойишчиларни Жумагелдиев атрофида бирлаштиришга, майдонда тезкор штаб ташкил этишга ва ҳокимиятга умумий талабларни илгари суришга ҳаракат қилади. Бу ноқонуний ҳаракат зўравонлик ва турли оғирликдаги тан жароҳати етказиш билан оммавий муштлашувга айланган», — дейилади прокуратура хабарида.

Тергов маълумотларига кўра, депутатнинг тартибсизликларда иштирок этганини «Қозоғистон» меҳмонхонасида қўлга олинган видеоёзувлар, Жумагелдиев гуруҳининг ҳибсга олинган аъзоларининг уяли телефонлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тасдиқлайди.

38 ёшли Қайрат Кудайберген тадбиркор ва машҳур блогер, ҳукмрон Аманат (собиқ Нур Отан) партиясидан Олмаота Маслиҳати (Халқ депутатлари Кенгаши) депутати.

Январь воқеаларида Худойберген Олмаотадаги Республика майдонида бўлган, буни кўплаб видеолавҳалар тасдиқлайди. Улардан бирида у намойишчилар билан суҳбатлашиш учун майдонга келган Арман Жумагелдиевни кутиб олади. Кейинчалик Ёввойи Арман ушланиб, тергов изоляторига жойлаштирилди. У тартибсизликлар уюштириш, одамларни ноқонуний ҳибсга олиш ва эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдирганликда айбланмоқда. Воқеаларда унинг одамлари тинч аҳолини ўғирлаб, мажбуран ҳибсга олгани, кейин эса уларни Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) ходимларига топширгани, улар маҳбусларни қийноққа солишда давом этгани, натижада бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилдилар. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди. Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар натижасида 230 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Январь воқеаларидан кейин МХҚнинг собиқ раҳбари Карим Масимов ва унинг уч ўринбосари ҳибсга олинди. Улар Жиноят кодексининг бир қанча моддалари, жумладан давлатга хиёнат қилишда айбланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ