Қозоғистонда январь ойи тартибсизликларида иштирок этганларга қанча пул тўлангани маълум бўлди

Чимкент полиция департаменти видеосидан кадр

Қозоғистонда январь ойидаги тартибсизликлар ташкилотчилари иштирокчиларга пул мукофотлари тўлашган. Бу ҳақда республика Бош прокуратураси жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Елдос Қилимжонов брифингда маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Олмаота вилоятида Толдиқўрғондаги тартибсизликлар иштирокчиларини молиялаштирган, шунингдек, фуқароларнинг мулкига зарар етказиш ва давлат объектларини тортиб олишга ҳисса қўшган фуқаролар О. ва Н.лар аниқланди. Талончилик ишларида қатнашиш учун ҳар бир одамга 20 доллардан 100 долларгача тўланган. Бу фактлар тергов давомида аниқланган ва тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилинган шахсларнинг сўроқлари билан тасдиқланган», — деди Қилимжонов.

Унинг сўзларига кўра, 4 январь куни Олмаота шаҳрида бўлган вақтида бир неча соат ичида минглаб иштирокчиларни тўплай олган Телеграм каналини яратган Жамбил вилоятида яшовчи шахс аниқланган.

«Ушбу Телеграм канали орқали унинг иштирокчилари баррикадалар яратиш, «Молотов коктейли» ясаш, ҳуқуқ-тартибот ходимларига қаршилик кўрсатиш ва биноларни эгаллаб олиш бўйича батафсил кўрсатмалар олган», — дея тушунтиради Бош прокуратура вакили.

Қилимжоновнинг таъкидлашича, 5 ва 6 январь кунлари ушбу канал орқали тартибсизликлар ҳаракати ва талончиларнинг Жамбил вилоятидаги давлат объектларига ҳужумлари бошқарилган.

Тараз ҳокимлиги ва Жамбил вилояти давлат даромадлари департаменти биноларига ҳужум 6 январь куни содир этилган.

«500 га яқин кишидан иборат қуролли гуруҳ биноларга қарата ўқ узган, натижада бир полициячи ҳалок бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари жавобан ўқ узган, натижада 11 жиноятчи ўлдирилган.

Тиббий текширув натижаларига кўра, ҳужум қилганларнинг 9 нафари маст ҳолатда, икки нафари эса гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган», — дейди Қилимжонов.

Худди шундай ҳужум 6 январга ўтар кечаси Чимкент ҳокимлиги биносига ҳам уюштирилган. Полиция ходимлари жамоат тартибини муҳофаза қилишни таъминлаш билан шуғулланган, улар уч мингдан ортиқ одамдан иборат бўлган тажовузкор оломоннинг ҳужумини ушлаб туришга мажбур бўлган, ҳужумкорларнинг аксарияти ўқотар қуроллар билан қуролланган бўлган. Полиция фақат резина ўқлар ва шовқинли гранаталардан фойдаланган. Аммо бу чоралар жиноятчиларни тўхтата олмаган, балки уларнинг жазосиз қолишига ишонч уйғотган, оммавий тажовуз ва шафқатсизликларни қўзғатган», — деди Бош прокуратура вакили.

Унинг сўзларига кўра, учта қуролли ҳужум қайтарилганидан ва ҳаётга ҳақиқий хавф туғилганидан кейингина полиция ходимлари ўқотар қуролларни ишлатишга қарор қилишган. Натижада 20 нафар ҳужумчи ўлдирилган.

Январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилдилар. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлгани ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, мазкур воқеалар чоғи 230 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Шу кунгача январь воқеалари бўйича 400 дан ортиқ судланувчининг иши судга юборилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ