Назарбоевнинг жияни назоратидаги компаниялар раҳбарлари ҳибсга олинди

Қайрат Сатибалди. Vlast.kz сайти фотосурати

4 апрель куни Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати мамлакат биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди (Сатибалдиули) билан алоқадор компаниялар раҳбарлари ҳибсга олинганини маълум қилди.

Ҳибсга олинганларнинг исм-шарифлари ва лавозимлари келтирилмаган. Фақат шу нарса маълумки, улар темир йўл ёнбағирларига эгалик қилувчи иккита компанияга раҳбарлик қилишган.

«Ушбу шахслар давлат бошқарув органлари мансабдор шахслари кўмагида мамлакатда шаҳар ташкил этувчи корхоналарга кириш йўллари хизматлари тарифини асоссиз ошириш туфайли миллиардлаб доллар фойда кўришган, бу эса фуқаролар ҳаётини таъминловчи хизматлар нархининг ошишига олиб келган», дейилади душанба куни тарқатилган хабарда.

13 март куни Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати Сатибалдини мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Қозоқтелеком» АЖ маблағларини ўзлаштиришда гумон қилиб қўлга олганди. Биринчи президентнинг жияни Skyline Investment Company S. A орқали Қозоғистон телекоммуникация бозоридаги монополист бўлмиш ушбу компаниянинг деярли чорак қисмига эгалик қилган.

Нур-Султон шаҳар ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди 15 март куни уни икки ойга ҳибсга олишга рухсат берди.

17 март куни маълум бўлишича, Назарбоевнинг жияни нафақат давлат маблағларини ўзлаштириш, балки босқинчиликда ҳам айбланган. Бу ҳақда Сотибалдининг собиқ рафиқаси Гулмира ҳибсга олинганидан кейин маълум бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ