Қозоғистонда ноқулай об-ҳаво туфайли юзлаб одамлар эвакуация қилинди

Об-ҳаводан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш. ҚР ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари ўтган сутка давомида 372 кишини, жумладан ноқулай об-ҳаво туфайли оғир вазиятга тушиб қолган 312 нафар болани эвакуация қилди. Ақмола, Қарағанда, Павлодар ва Қўстанай вилоятларидаги назорат-ўтказиш пунктларида 1,5 мингга яқин автомашиналар ҳаракати тўхтатилди, ўнлаб одамлар иссиқлик пунктларига жойлаштирилди, деб хабар беради ФВВ матбуот маркази.

«Айни пайтда Ақмола, Олмаота, Ақтўбе, Шарқий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон вилоятларида 111 та йўл участкаси ёпилган, шундан 52 таси республика, 59 таси вилоят аҳамиятига эга. Йўлларнинг ёпиқ участкаларида аҳолини эвакуация қилиш учун 40 та вақтинчалик иситиш пунктлари тайёрланди. Йўл хизматлари қорни тозалаш ишларини олиб бормоқда», — дейилади агентлик хабарида.

Қозоғистоннинг кўплаб вилоятларида икки кундан бери кучли шамол эсиб, қор ёғмоқда, баъзи жойларда қор бўрони кузатилмоқда. Шамол бинолар томларини йиртиб, дарахтларни йиқитмоқда, маҳаллий электр таъминотида узилишлар содир бўлмоқда. Нур-Султон, Олмаота шаҳри ва вилоятида юз берган табиий офат натижасида 6 киши, жумладан уч нафар бола жабрланган. Олмаотада қулаган дарахтлар 25 та машинага зарар етказган.

29 март куни қор ёғиши ва кўришнинг ёмонлашуви туфайли Нур-Султон аэропорти фаолияти тўхтатилди. Бугун аэропорт самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни давом эттирди, бироқ ўнлаб рейслар кечиктирилди. Ижтимоий тармоқларда Олмаота аэропортида суратга олинган, SCAT авиакомпаниясининг Boeing-737 самолётини кучли шамол қандай айлантираётгани акс этган видео тарқалди.

Ноқулай об-ҳаво муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигида қатор ҳудудлардаги бўлинмалари билан тезкор штаб тузилиб, ишонч телефони ташкил этилди. Мамлакат бўйлаб қутқарув ишларига Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирликларининг 550 нафарга яқин ходими, юзлаб техникалар жалб этилган.

«Казгидромет»нинг хабар беришича, 30 март куни Қозоғистоннинг Чимкентдан ташқари барча ҳудудларида бўрон ва ёғингарчилик (қор, ёмғир) давом этади, шамол 15-20 м/с гача кучаяди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ватандошларни зарур эҳтиёт чораларини кўришга — аҳоли пунктлари ўртасида ҳаракатланишни чеклашга, дарахтлар ва беқарор иншоотлардан узоқроқ туришга чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ