Тўқаев Россия ва Украинани музокарага чақирди – Қозоғистон воситачи бўлишга тайёр

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия ва Украинани музокаралар столи атрофида тил топишга чақирди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Бошқа йўл йўқ. Яхши жанжалдан ёмон тинчлик яхшироқдир. Тинчлик бўлмаса, тараққиёт бўлмайди. Қозоғистон, ўз навбатида ҳар қандай ёрдамни, жумладан, керак бўлса воситачилик хизматларини ҳам кўрсатишга тайёр», -деди президент Nur Otan (Amanat номига ўзгартирилди) партиясининг навбатдан ташқари қурултойида.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон 2010 йили ЕХҲТ саммитига мезбонлик қилган давлат сифатида Евроосиё хавфсизлигининг ажралмаслиги тамойилини таъкидлайди, бу эса ўзаро ишончга асосланган ўзаро тушунишни назарда тутади. «Афсуски, бу содир бўлмади, Минск келишувлари қоғозда қолиб кетди, бу эса Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатларга олиб келди. Геосиёсий вазият мисли кўрилмаган даражада ёмонлашди. Энди эса, афсуски, бу тенденция орқага қайтмаслиги ҳақида гапириш вақти келди», — деди давлат раҳбари.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши сессияси арафасида Қозоғистон Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар учун платформа тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди. Шу билан бирга, вазир бу борада ҳозирча келишувлар йўқлигини таъкидлади.

Россия ва Украина делегацияларининг биринчи музокаралари бир кун аввал Беларусь ҳудудида бўлиб ўтди. Томонлар яқин кунларда яна учрашиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ