Дариға Назарбоева Қозоғистон парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) депутатлигидан кетишга қарор қилди. Унинг мурожаати 25 февраль куни Zakon.kz сайтида чоп этилган. Қозоғистон Республикаси собиқ президентининг қизи «бутун эътиборини ижтимоий, гуманитар, маданий ва хайрия фаолиятига қаратиш» ниятида эканини маълум қилган.
У мурожаатида Nur Otan партиясига овоз берган қозоғистонликларга, партиядошлари ва мамлакат раҳбариятига «ишончлари учун» миннатдорчилик билдирган ва бундан кейин ҳам Ватанига хизмат қилишини таъкидлаган.
«Ватанимизнинг бугуни ва келажаги учун, унинг миллий суверенитети ва мустақиллигини асраб-авайлаш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида жамиятнинг ҳамжиҳатлигини намоён этишимиз зарур. Ватаним ва унинг манфаатларига хизмат қилишда давом этаман. Бунинг учун эса лавозимлар керак эмас», — дейди Назарбоева.
Шунингдек, у январь воқеаларини «тўлиқ ва холисона ўрганиш зарур» экани, бунинг натижасида айбдорлар адолатли жазоланиши, бегуноҳлар озодликка чиқиши зарурлигини айтган.
«Барчамиз, Қозоғистон халқи, жамиятимиз бу нарсалар ҳеч қачон такрорланмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз зарур. Бу даҳшат ва қўрқувга тўла фожиали кунлар анархия нималарга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди», — деб ёзади Назарбоева.
Қозоғистонда январь ойидаги тартибсизликлардан сўнг Нурсултон Назарбоев оиласининг барча аъзолари бир муддат жамоат эътиборидан ғойиб бўлди. Жумладан, Дариға Назарбоева парламент мажлисларида кўриниш бермай қўйди. Унинг ёрдамчиси Жанна Ермекова Назарбоеванинг коронавирусга чалингани ва Олмаотадаги уйида эканини айтди. Кейинчалик маълум бўлишича, у маошсиз таътил олган. Январь ойи охирида Назарбоева Қозоғистонда ҳукмрон партия бўлмиш «Нур Отан» сиёсий кенгаши аъзолигидан чиқариб юборилгани маълум бўлди. Кейинроқ бу партия аъзоси, депутат Айдос Сарим Дариға Назарбоева парламент йиғилишларида қатнашмаётгани учун истеъфога чиқиши кераклигини таъкидлади.