Олмаотада Украинани қўллаб-қувватлашга доир митинг ҳибсга олишлар билан якунланди

Orda.kz сайти фотосурати

Олмаотада 24 февраль куни мамлакатнинг Украинага нисбатан сиёсатига норозилик билдириш учун Россия консуллиги биносига келган ўнга яқин киши ҳибсга олинди, деб хабар беради «Азаттик» («Озодлик» радиосининг минтақавий хизмати, Россияда хорижий агент сифатида тан олинган).

Намойишчилар қўлларида Украина байроқларини ушлаб, «Украинадан қўлингни торт!», «Украинага шон-шарафлар!», «Қаҳрамонларга шон-шарафлар!», «Украина незалежна», Йўқ бўлсин уруш!» дея ҳайқирдилар.

Orda.kz хабарига кўра, Олмаота ҳокимлигининг жамоатчилик ривожи бўлими ходими Айнур Жипкелова дарҳол намойишчилар олдига келган. У намойиш ноқонуний эканини айтган. Одамлар пикет ўтказиш учун маҳаллий ҳокимиятдан рухсат сўрамасликларини айтишган.

«Россия Украина ҳудудига агрессив ҳужум қилгани учун ҳам мен шу ерга келдим. Мен буни қўллаб-қувватламайман. Мен урушга қаршиман. Мен Украина халқини қўллаб-қувватлаш ва Қозоғистонда уларни қўллаб-қувватлайдиган, тушунадиган одамлар борлигини айтиш учун чиқдим. Улар ўзларини ёлғиз ҳис қилмасликлари учун», — дея нашр иштирокчилардан бири, фаол Дархон Шарипнинг сўзларини келтиради.

Полициячилар нима бўлаётганини кузатиб туришган. Кейинроқ миссия биносига автозак етиб келган, унинг ичида ҳам полициячилар бўлган. Бу пайтга келиб акцияда 12-15 нафар иштирокчи бўлган. Полиция ходимлари пикетчиларни қуршаб олган ва индамай уларни автозак (ҳибс машинаси) томон судрай бошлашган. Пикетчиларнинг деярли ҳаммаси ҳибсга олинган. Журналистларнинг намойишчилар нима учун ҳибсга олинаётгани тўғрисида саволига полициячилар сукут сақлашни афзал кўришган.

Қўлга олинганлар Бўстондиқ туман ИИБга олиб кетинган.

Ҳозирча расмий Нур-Султон Россия ва Украина ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашувига доир ўз позициясини маълум қилгани йўқ. Бундан аввал, 24 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 20.30да президент матбуот котиби Берик Уали Қозоғистон телеканалига берадиган интервьюсида шу мавзуга тўхталиши хабар қилинганди. Бироқ, сўнг маълум бўлишича, суҳбатни кейинга қолдиришга қарор қилишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ