Қозоғистонда Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раисининг ўринбосари Марат Осипов қўлга олинди. У мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда, дея хабар беради қўмита матбуот маркази.
«22 февраль куни МХҚ собиқ раисининг ўринбосари Осипов М.С. мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонланиб ҳибсга олинди. 23 февраль куни суднинг санкцияси билан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов манфаатларига дахлдор бошқа маълумотлар ошкор этилмайди», — дейилади МХҚ хабарида.
Осипов 2016 йил январидан 2022 йил 9 январигача МХҚ раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.
Январь ойидаги оммавий норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетганидан сўнг, МХҚ раҳбари Карим Масимов ва унинг ўринбосарлари Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожин ўз лавозимларидан четлаштирилиб, ҳибсга олинди. Улар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш, давлатга хиёнат ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Уларнинг иши «ўта махфий» тоифасига киритилган, шунинг учун тергов тафсилотлари ошкор қилинмаяпти. 7 февраль куни МХҚнинг «А» махсус хизмати директорининг биринчи ўринбосари ва ушбу хизмат маркази раҳбари мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланиб, қўлга олингани маълум бўлди.
Президент Қосим-Жомарт Тўқаев 11 январь куни парламент мажлисида сўзлаган нутқида МХҚ ваколатли орган сифатида январь ойида мамлакатга ҳужум қилган террорчиларнинг қўпорувчилик ҳаракатларига қаршилик кўрсатмаганини айтди. Ҳужум пайтида, баъзи ҳудудларда қўмита бўлимлари бошлиқлари катта ҳарбий арсенал ва махфий ҳужжатлар мавжудлигига қарамай, «объектларни қаршиликсиз таслим бўлишига йўл қўйишган».