Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов давлат хизматидаги фаолиятсизликда гумонланиб ҳибсга олинди. 20 февраль куни у вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига қамалди, деб хабар беради Республика Бош прокуратураси матбуот маркази.
Бектанов Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 452-моддаси («Ҳокимиятнинг ҳаракатсизлиги»)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан терговга қадар текширув ишлари бошланган.
«Тергов манфаати йўлидаги бошқа маълумотлар ошкор этилмайди», — дейилади вазирлик хабарида.
19 январь куни президент Қосим-Жомарт Тўқаев Мурат Бектановни мудофаа вазири лавозимидан олиб, унинг ўрнига Руслан Яхшилиқовни тайинлади. Давлат раҳбари ўз қарорини январь воқеалари чоғида «Қуролли Кучлар ўзининг ўта ишончсизлиги ва ташаббускор раҳбарлиги йўқлиги туфайли зиммасига юклатилган вазифаларни бажара олмагани» билан изоҳлади.
«Вазир Бектанов қўмондонлик хислатларини намоён этмади. Қўмондонлик-штаб ва ҳарбий машғулотларда яхши натижаларни кўрсатган армия ихтиёримизда бўлгани учун биз оғир вазиятда унинг салоҳиятидан фойдалана олмадик ва ташқи ёрдамга мурожаат қилишга мажбур бўлдик», — деди Олий қўмондон.
Бектанов 2021 йил августидан мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган. У Жамбил вилоятидаги ўқ-дорилар омборларида рўй берган портлашлардан сўнг ишдан кетган Нурлан Ермекбоев ўрнига ташкилотга раҳбар этиб тайинланган эди.