Қозоғистон Бош прокуратураси январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганларнинг исмларини эълон қилишдан бош тортди. Ҳуқуқ фаоли Бахитжан Торегожинанинг Facebookдаги саҳифасида жойлаган сўровига жавобан прокуратура ушбу маълумотни Қозоғистон Жиноят-процессуал кодеексининг 201-моддасига мувофиқ («Судгача маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмаслик») «ҳозирда ошкор этолмаслиги»ни маълум қилади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси ўз сўровида марҳумларнинг оилаларига малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун қурбонларнинг тўлиқ исм-шарифлари, туғилганлик ва ўлим саналари, ўлим сабаблари, жасад қаерда топилгани ва ўлим фактини текшираётган давлат органига доир маълумотлар тақдим этилишини сўраган.
Фаолнинг Бош прокуратурага йўллаган сўровида ҳалок бўлганларнинг кўплиги ва ўлганларнинг яқинлари ўртасида ижтимоий носоғлом вазият юзага келаётгани, улар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб ололмаётгани, нега давлат бу ҳолатга жим турганини тушунмаётганлари туфайли ўлганлар рўйхати тақдим этилиши сўралган.
Бундан олдин Бахитжан Торегожина Қозоғистонда ўтказилган аксилтеррор операцияси давомида ҳалок бўлганларнинг исм-шарифлари рўйхатини эълон қилганди. Унда 173 нафар, жумладан 17 та ҳарбий хизматчининг (расмий маълумотларга кўра 189 нафари ҳалок бўлган) исм-шарифи келтирилган. Маълумотлар волентёрлардан, оммавий ахборот воситаларидан, ижтимоий тармоқлардан ва бошқа интернет ресурсларидан олинган.
Торегожина деярли бир ой олдин январь воқеалари қурбонларининг норасмий рўйхатини тузишни бошлаган. Фаол тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлганлардан ташқари ярадорлар, ҳибсга олинганлар ва бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот тўплайди. Ҳозир рўйхатда жами 1300 га яқин оламларнинг номи келтирилган.
Расмийлар эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, январь ойининг биринчи ўн кунлигида Қозоғистонда тартибсизликлар ва аксилтеррор операцияси натижасида 227 киши, жумладан, 19 ҳуқуқ-тартибот ходими ва икки бола ҳалок бўлган. Республика Бош прокуратураси маълумотларига кўра, бу рақамга бинолар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужумларда қатнашган қуролли бандитлар ҳам киради. Маълум қилинишича, босқинчилар ўликхонадан ўз шерикларининг 41 та жасадини ўғирлаб кетишган ва жасадларни ўзлари кўмишган.
Қозоғистондаги жамоатчилик фаоллари ҳукуматга январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганларни ва уларнинг ўлим сабабларини ошкор қилишни бир неча бор сўрашган, бироқ расмийлар ҳанузгача бу ишни амалга оширмадилар.