Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси январь ойидаги тартибсизликларда ҳалок бўлганларнинг исм-шарифлари рўйхатини тузди

Олмаота ҳокимияти биноси. Orda.kz сайти фотосурати

Ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Торегожина Facebookда январь ойида Қозоғистонда ўтказилган аксилтеррор операцияси давомида ҳалок бўлганларнинг исм-шарифлари рўйхатини эълон қилди. Айни пайтда унда 173 нафар, жумладан 17 та ҳарбий хизматчининг (расмий маълумотларга кўра 189 нафари ҳалок бўлган) исм-шарифи келтирилган.

Маълумотлар волентёрлардан, оммавий ахборот воситаларидан, ижтимоий тармоқлардан ва бошқа интернет ресурсларидан олинган. Торегожина рўйхатда ноаниқликлар бўлиши мумкинлигини таъкидлайди, чунки маълумотларни тўплаш «жуда қийин» ва агар хатолар топилса, бу ҳақда унга ёзишларини сўрайди. Шунингдек, у рўйхатга киритилмаган қурбонлар ҳақида хабар беришларини сўрайди.

Торегожина деярли бир ой олдин январь воқеалари қурбонларининг норасмий рўйхатини тузишни бошлаган. Фаол тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлганлардан ташқари ярадорлар, ҳибсга олинганлар ва бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот тўплайди. Ҳозир рўйхатда жами 1300 га яқин оламларнинг номи келтирилган.

Расмийлар эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, январь ойининг биринчи ўн кунлигида Қозоғистонда тартибсизликлар ва аксилтеррор операцияси натижасида 227 киши, жумладан, 19 ҳуқуқ-тартибот ходими ва икки бола ҳалок бўлган. Республика Бош прокуратураси маълумотларига кўра, бу рақамга бинолар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужумларда қатнашган қуролли бандитлар ҳам киради. Маълум қилинишича, босқинчилар ўликхонадан ўз шерикларининг 41 та жасадини ўғирлаб кетишган ва жасадларни ўзлари кўмишган.

Қозоғистондаги жамоатчилик фаоллари ҳукуматга январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганларни ва уларнинг ўлим сабабларини ошкор қилишни бир неча бор сўрашган, бироқ расмийлар ҳанузгача бу ишни амалга оширмадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ