Олмаота вилоятида Назарбоев ҳайкалини бузишда гумон қилинган шахсни қийноқларга солингани бўйича жиноий иш қўзғатилди

Азамат Батирбоев. Azattyq.org видеосидан скриншот

Талдиқўрғонда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳайкалини бузишда иштирок этганликда гумон қилинаётган Азамат Ботирбоевга нисбатан қийноқлар қўлланилгани бўйича иш очилди, дея хабар беради КазТАГ. Ботирбоев 22 январь куни мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар даврида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум қилганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

«23 январь куни сўроқ пайтида у 10 январда ички ишлар органлари ходимлари томонидан унга тан жароҳатлари етказилгани тўғрисида кўрсатма берди. Ботирбоевнинг ушбу баёноти асосида Олмаота вилоятидаги коррупцияга қарши кураш хизмати қийноқ факти бўйича жиноий иш қўзғатди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди Қозоғистон Бош прокуратураси.

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда Ботирбоев тергов давомида тергов изоляторига жойлаштирилгани, у ерда оғир қийноқлар, жумладан қиздирилган дазмол қўлланилгани ҳақида хабар берилган эди. Унинг танасида кўплаб гематомалар ва куйиш яралари кўринадиган фотосуратлари чоп этилди.

Ботирбоевнинг рафиқаси Бахтнинг айтишича, эри тергов изоляторидан касалхонага ётқизилган, бироқ бир неча кундан сўнг у тегишли тиббий ёрдам олмасдан, изоляторга қайтарилган. Аёлннинг сўзларига кўра, Азаматнинг ўзи босим ўтказганлари учун уни қийноққа солган зобитлар устидан ариза ёзишдан бош тортган.

Олмаота вилояти Оқсув тумани Капал қишлоғида яшовчи Азаматнинг қишлоқдошлари президент Қосим-Жомарт Тўқаевга мазкур ишни назоратга олишни сўраб видеомурожаат қилганлар. Уларнинг иддаоларича, эркак асоссиз ҳибсга олинган ва қилмаган ҳаракатлари учун қийноқларга солинган.

Назарбоев ҳайкали 5 январь куни Қозоғистоннинг кўплаб шаҳарларида кейинчалик тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар чоғида бузиб ташланганди. Собиқ президент ёдгорлиги вайрон қилингани бўйича ишни махсус прокурорлар тергов қилмоқда. Ёдгорликни бузиш учун ўзининг КамАЗ машинасини майдонга олиб чиққан гумонланувчи қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Уни бузишда яна 16 киши иштирок этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ