Москвадаги оммавий муштлашувда иштирок этган Тожикистон фуқаролари депортация қилинади

«Азии-Плюс» сайти фотосурати

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ўтган шанба куни Москвада травматик қурол қўлланилган оммавий муштлашувдан сўнг тожикистонликларнинг ҳибсга олингани ҳолатларини аниқлади.

«Москвадаги оммавий муштлашувда иштирок этганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган 65 мигрантнинг 15 нафари Тожикистон фуқароларидир. Улардан етти нафарига нисбатан маъмурий иш қўзғатилган ва улар Россиядан депортация қилинади. Яна бирига нисбатан 213-моддаси (безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилди», — дея хабар берди элчихона ходимлари «Азия-Плюс» нашрига.

Бироқ, элчихона полиция томонидан қўлга олинган Тожикистоннинг бошқа фуқаролари тақдирига доир маълумот бермади.

Элчихона маълумотларига кўра, 29 январь куни соат 19:00 да Москвадаги Востряковский кўчасида оммавий муштлашув содир бўлган.

«Маълум бўлишича, можаро шахсий адоват туфайли юзага келган, кейин эса гуруҳ низосига айланган. Натижада воқеа жойига етиб келган Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гумонланувчиларни, шунингдек, воқеа содир бўлган жойда ҳозир бўлган фуқароларни – жами 65 кишини полиция бўлимига олиб кетган», — дейилади элчихона хабарида.

Дипломатик миссия Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига мазкур ишни тергов қилиш жараёнида Тожикистон фуқароларининг ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган. Агар керак бўлса, консуллик хизмати Тожикистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирган.

Воқеа 31 январь куни матбуотга маълум бўлди. ТАСС ахборот агентлиги ИИВ Бош бошқармаси матбуот хизматига таяниб, можаро маиший сабаб туфайли юзага келганини маълум қилди. Қўлга олинганлар маъмурий жавобгарликка тортилган. Безорилик моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича уч киши айбланувчига айланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ