Тўқаев бир овоздан Қозоғистонда ҳукмрон партиянинг раиси этиб сайланди

akorda.kz сайти фотосурати

Nur Otan партиясининг навбатдан ташқари XXI съезди қарори билан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бир овоздан унинг раислигига сайланди, деб ёзади Акорда Twitterдаги саҳифасида.

Конгрессда онлайн тарзда сўзлаган Тўқаев конгресс иштирокчиларига кўрсатилган қўмак ва ишонч учун миннатдорчилик билдирди. Шу билан бирга, президент ўз нутқининг бир қисмини ўзидан олдинги президентнинг олий давлат лавозимидаги хизматларига бағишлаб, Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон сарҳадларини мустаҳкамлаш ва пойтахтни мамлакат шимолига кўчиришдаги ролини қайд этди.

«Мен турли хил салбий миш-мишлар борлигини биламан. Шу муносабат билан, давлат раҳбари сифатида биринчи президент мамлакатимизни кучли давлатга айлантириш йўлида катта ишларни амалга оширганини маълум қиламан», — деди Тўқаев.

«Биринчи президентнинг тарихий хизматларига ҳурмат бажо келтирайлик, унинг шак-шубҳасиз муваффақият ва хизматларини алоҳида таъкидлаб, хатоларини мамлакатимизнинг бўлажак раҳбарларига огоҳлантириш сифатида қолдирайлик», — дея қўшимча қилди у (кейинги ўринларда Президентнинг иқтибослари Orda.kz Телеграм каналида келтирилган).

Тўқаев Nur Otanга раҳбарлик қилиш таклифини миннатдорчилик билан қабул қилишини ва бу қарор партияни ўзгартириш ва бутун жамиятни бирлаштириш бўйича ишларни бошлашга тайёрлиги билан боғлиқлигини таъкидлади.

«Шу билан бирга, мен давлат раҳбари сифатида очиқ ва ҳалол сиёсий рақобатнинг кафолати бўлиб хизмат қиламан. Менинг конституциявий бурчим ҳокимиятдаги барча бўғинлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва давлат органларининг халқ олдидаги масъулиятини таъминлашдан иборат. Бу ҳолатлар, албатта, президентнинг ҳар қандай партия ва ҳаракатлар фаолиятидан маълум даражада узоқлашувини назарда тутади.

Шу боис, маълум вақтдан сўнг, балки шу йил охирида Nur Otanга раислигим мақсадга мувофиқлиги масаласига қайтамиз», — дея қўшимча қилди у.

Ўтган йил ноябрь ойида партия сиёсий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида биринчи президент Нурсултон Назарбоев партия раиси ваколатларини амалдаги давлат раҳбарига ўтказишга қарор қилганди. Маслаҳатчи — Элбоши матбуот котиби Айдос Укибай кейинроқ биринчи президентнинг қарори ҳокимият транзитининг мантиқий давоми эканлигини таъкидлади.

Nur Otan — Қозоғистондаги энг йирик партиядир. У тўғридан-тўғри Мажлисдаги 76 мандатни (71%) ва Сенатдаги яна 34 мандатни (69%) назорат қилади. Унинг навбатдан ташқари қурултойи, хабар қилинганидек, ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Ундан сал олдин Nur Otan аъзоларининг партияни оммавий тарк этиши бошланди, улар орасида маҳаллий вакиллик органлари депутатлари ҳам бор эди, шу муносабат билан маҳаллий матбуотда Тўқаев партия раислигига рози бўлармикан, деган савол муҳокама қилина бошлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ