Ўзбекистондаги Сирдарё иссиқлик электр станциясида рўй берган авария Марказий Осиё мамлакатлари Ягона энергия тизимида (ЯЭТ) кенг кўламли электр энергияси узилишига олиб келди. Бу ҳақда Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) хабар берди.
«25 январь куни Нур-Султон вақти билан соат 11:59да Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда 6 та энергоблок қисқа туташув туфайли ўчирилди, умумий ишлаб чиқариш қуввати 1500 МВт дан ортиқ энергия йўқотилди. Ўзбекистон энергетика тизимида юзага келган электр қуввати тақчиллиги Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари билан параллел ишлашга уланган Қозоғистон электр тизимидан рухсатсиз электр энергияси тортилишига олиб келди. Натижада 500 кВ кучланишли «Қозоғистоннинг Шимоли-Шарқий-Жануби» транзитида қувватнинг «кўтарилиши» ва унинг кейинги ортиқча юкланиши кузатилди», — деди KEGOC мулозимлари авария майнинг фермалари фаолияти билан боғлиқ эмаслигини қўшимча қиларкан.
Корхонада таъкидланганидек, «Энергетика ускуналарига зарар етказилишининг олдини олиш ва республиканинг жанубий вилоятларини тўлиқ энергия билан қоплаш мақсадида Олмаота, Жамбил, Туркистон ва Қизилўрда вилоятлари алоҳида режимда ишлашга ўтказилган. Бунинг шарофати билан Қозоғистоннинг жанубий вилоятларидаги барча электр станциялари ўз фаолиятини давом эттириб, истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлади, шу билан бир пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон электр тизимлари тўлиқ ўчирилди, барча электр станциялари ва истеъмолчилар токдан ўчирилди.
«Ўзбекистон энергетика тизимида узилган юкланиш тахминан 9600 МВтни (истеъмолнинг 100 фоизи), Қирғизистонда 2600 МВтни (истеъмолнинг 100 фоизи) ташкил қилди. Қозоғистон ЯЭТни қайта тиклаш доирасида Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларидаги электр станцияларини кучланиш билан таъминлаш орқали ёрдам кўрсатди, бу эса уларга электр таъминотини тиклаш тадбирларини бошлаш имконини берди»,— дедилар KEGOCда.
Қирғизистон энергетика тизимининг нормал режимга қайтиши тахминан бир кун давом этди. Бутун энергетика тизимининг фаолиятини тиклаш учун Ўзбекистонга икки кун керак бўлди.
Блэкаутдан жабр кўрган уч давлатнинг ҳар бирида ҳодиса сабабларини ўрганиш учун махсус комиссиялар тузилган. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бугун иш натижалари расман эълон қилинишини билдирди.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон минтақанинг ягона энергетика тизимига аъзодир. Марказий Осиё давлатларининг энергетика тизимлари совет даврида ҳам бир ҳалқага уланган эди. 2003 йили Туркманистон, 2009 йили Тожикистон Ягона электр тизимидан чиқди, ҳозирда у энергия ҳалқасига қайтиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Қозоғистон энергетика тизими МДҲ мамлакатлари ва бошқа давлатларнинг электр узатиш линиялари билан боғланган ва ягона технологик режим билан бирлаштирилган. Параллел операция қўшни мамлакатлардан ортиқча электр энергиясини сотиб олиш ёки сотиш имконини беради, бу эса ЯЭТнинг барча аъзоларига иқтисодий фойда келтиради.