Давлат сиёсатидаги ташаббуслар Назарбоев билан тасдиқланмайдиган бўлди

Қозоғистон парламенти Сенати. Senate.parlam.kz сайти фотосурати

Қозоғистон парламенти Сенати мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши, Қозоғистон халқи ассамблеяси (ҚХА) ва «Нур Отан» партиясига бир умр раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилувчи бир қатор конституциявий қонунларга киритилган тузатишларни Мажилисга (қуйи палата) қайтарди, деб ёзади Vlast.kz.

Ушбу тузатишлар 19 январь куни Мажилис томонидан қабул қилинган эди, бугун, 27 январь куни сенаторлар Хавфсизлик Кенгаши ва ҚХАга давлат раҳбари бошчилик қилиши кераклигини таъкидлаб, ўзгартиришларни концептуал жиҳатдан маъқулладилар. Шу билан бирга, улар қонун лойиҳасини бошқа тузатиш билан тўлдириб, Назарбоев билан давлат ташаббусларини мувофиқлаштириш заруратини бекор қилишни таклиф қилишди. Бу норма «Биринчи Президент – Элбоши тўғрисида»ги конституциявий қонунда ўз ифодасини топган.

«Биринчи Президент тўғрисида»ги қонундан ташқи ва ички сиёсатдаги асосий йўналишлар бўйича ташаббуслар Элбоши билан келишувига доир қоида бекор қилинади», — деб тушунтирди сенатор Лаззат Сулаймен.

Қонун лойиҳаси якуний қарор қабул келиниши учун яна Мажлисга юборилди. Агар қуйи палата депутатлари сенаторлар томонидан таклиф этилган тузатишни маъқулласалар, қонун лойиҳаси имзолаш учун мамлакат президентига юборилади.

Назарбоев 2018 йили Хавфсизлик Кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Шу билан бирга, ўшанда ушбу органнинг ҳуқуқий мақоми ўзгарганди – у маслаҳатлашув органидан конституциявий органга айланди.

Амалдаги президент Қосим-Жомарт Тўқаев 5 январь куни мамлакатдаги тартибсизликлар авжига чиққан пайтда ўзини Хавфсизлик Кенгаши раҳбари деб эълон қилди ва шу тариқа Нурсултон Назарбоевни ўз лавозимидан четлатди (бу ерда «четлатди» деган сўз ишлатилган, чунки Назарбоевнинг Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини Тўқаевга топширгани борасида бирорта қарор ҳанузгача йўқ). Бу Элбошининг ҳукуматдаги сўнгги расмий роли эди – бундан икки ой олдин, 2021 йил ноябрида у «Нур Отан» партияси жиловини Тўқаевга топширди (28 январдаги қурултойда президент унинг раиси этиб сайланиши кутилмоқда) ва ундан олдинроқ, баҳорда амалдаги президентга ҚХА раҳбари лавозимини топширган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ