Ўзбекистон Марказий банки валюта бозорига қалбаки банкноталар кириб келганидан огоҳлантирди

Shanstv.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон валюта бозорига катта ҳажмда қалбаки банкнотлар кириб келди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz».

Нурмуратов якшанба кунги банкоматларда валюта айирбошлашдаги узилишлар сохта валюталар оқими билан боғлиқ эканини таъкидлади.

«Тўғри, сўнгги шанба ва якшанба кунлари банкоматлардаги валюта айирбошлашда узилишлар кузатилди, бироқ бу уларнинг яхши ишламаганлиги учун эмас. Гап шундаки, бозоримизга катта миқдорда қалбаки валюта кириб келган. Банкоматлар буни ўқий олмайди. Шунинг учун дам олиш кунлари кшпчилик шохобчалар фаолиятини чекладик», — дея тушунтирди Марказий банк раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда банкомат дастурлари якунланмоқда ва «бу масала ҳал қилинади».

Ўзбекистонда хусусий айирбошлаш шохобчалари очилиши ҳақидаги саволга Нурмуратов бу ҳақда ҳали қарор қабул қилинмаганини айтди.

«Марказий банкнинг бу борада қатъий позицияси бор. FATF (пулни ноқонуний легаллаштиришга қарши молиявий чоралар кўриш гуруҳи) халқаро ташкилоти талабларидан келиб чиқиб, биз буни чеклаймиз. Яъни, FATFнинг жиноят ёки яширин иқтисодиётдан олинган даромадларни легаллаштиришга доир талабларидан келиб чиқиб, бугунги кунда биз хусусий компанияларнинг айирбошлаш шохобчаларини очиши борасида бир фикрга келмадик», — деди Марказий банк раҳбари.

Ўтган йил ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев дам олиш кунларида валюта айирбошлаш шохобчалари ёпилганидан норози бўлиб, Марказий банкни масъулиятсизликда айблаб, «қора бозор»га бориб, 50 долларни сотишга мажбур бўлганини айтганди.

Адлия вазирлиги Кушербоев қилмишини қоралаб, уни ҳуқуқий нигилизмни тарғиб қилишда айблади ва қонун устуворлигини ҳурмат қилишга чақирди.

Марказий банк маълумотларига кўра, ўтган йили Ўзбекистон валюта бозорида хорижий валютага талаб ҳам, таклиф ҳам сезиларли даражада ошган. Аҳоли валюта айирбошлаш шохобчалари орқали 7,1 млрд доллар сотган, бу ўтган йилга нисбатан 50% га кўп, 4,6 млрд доллар (ўсиш 12%) харид қилган.