Олмаота полицияси шаҳарга ҳужум қилган жангариларнинг жасадлари кўмилган жойларни топди

Pixabay.com сайти фотосурати

Олмаота полиция департаменти 5—7-январь кунлари Қозоғистондаги тартибсизликлар вақтида шаҳарга ҳужум қилган жангарилар жасадлари кўмилган жойларни аниқлади. Бу ҳақда Олмаота полиция департаменти (ПД) бошлиғи ўринбосари Рустам Абдраҳмонов блогер Бейбит Алибековга берган интервюсида маълум қилди.

Олдинроқ шаҳар ПД бошлиғи Канат Таимерденов Олмаотага профессионал жангарилар ҳужум қилгани, улар «ўлганлар ва ярадорларни қолдирмай, ўзлари билан олиб кетишганини» айтган эди. Ўша кунлари номаълум шахслар ўликхонага 7 марта ҳужум уюштирган ва 41 та ўлик жасадини ўғирлаган.

«Биз уларнинг дафн қилинадиган жойларини аниқлаяпмиз. Улар деярли аниқланган. Биргина мисол келтираман. Масанчи кўчасидан полиция бўлими биносига ҳужум уюштирилди... Ҳужумчиларнинг маълум қисми йўқ қилинди. Бироқ, у ерда битта ҳам жасад йўқ эди. Уларни олиб кетишган. Нима учун шундек қилишган? Агар бизда инсон жасади бўлса, биз уни аниқлашимиз, кимлигини аниқлашимиз мумкин. Шунинг учун улар барча жасадларини ортиб, олиб кетишган, токи биз эрталабгача ўзимизни ҳимоя қилиш билан овора эканмиз», — деди Абдраҳмонов.

Унинг сўзларига кўра, тўқнашувдан сўнг эрталаб полиция кўчани кўздан кечириш учун ташқарига чиққанида фақат битта жасад – «КамАЗ» ҳайдовчисининг жасади топилган, ҳужумчилар полиция биноси дарвозасини бузиш учун машинани ҳарбийлардан тортиб олишган.

«Бу ҳозирча бизда мавжуд ягона жасад. Уни олиб кетиш учун эрталаб соат бешгача уринишди», — дея қўшимча қилди Абдраҳмонов.

ПД раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Олмаотадаги тартибсизликлар чоғида 151 киши ҳалок бўлган, уларнинг жасадлари ўликхонага етказилган. Улардан қанчаси тинч аҳоли эканлиги ва улар нимадан вафот этгани ҳозирда тергов томонидан текширилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, 20 январь куни Олмаота шаҳар полиция бошқармаси ходимлари талончилик пайтида қурол дўконидан қуролларни олиб , уларни Республика майдонига йиғилганларга тарқатган уч нафар гумонланувчини аниқлашган. Ушбу эпизод видеога олинди ва ижтимоий тармоқларда ва телерепортажларда эълон қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 2 январь куни бошланган тартибсизликлар ва талончилик ҳаракатларига айланиб кетган норозилик намойишлари муносабати билан президент Қосим-Жомарт Тўқаев 5 январь куни мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилган эди. Президент мамлакат террор хуружига учраганини таъкидлаб, КХШТ бўйича ҳамкорларидан ёрдам сўраб мурожаат қилди. Республикада аксилтеррор операцияси бошланди, 6-7 январь кунлари КХШТга аъзо беш давлатдан иборат тинчликпарвар контингент етиб келди. Бир неча кундан сўнг Тўқаев вазият барқарорлашгани ва тинчликпарвар кучлар олиб чиқилишини эълон қилди.

Расмий маълумотларга кўра, жиноий гуруҳларни зарарсизлантириш операцияси пайтида мамлакатда камида 225 киши, жумладан 19 нафар полиция ходими ва ҳарбий аскар ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг қолганлари оддий одамлар, бинолар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига ҳужум қилган безорилардан иборат. Тинч аҳоли ўртасида нечта одам ўлгани ҳозиргача номаълум.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ