Қозоғистон парламентининг Мажилиси (қуйи палатаси) собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон халқи ассамблеяси (КҲА) ва Республика Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи тузатишларни қабул қилди. Бу ҳақда депутат Канат Нуров Facebookдаги саҳифасида ёзди.
«Давлат раҳбарининг парламентдаги сўнгги нутқи моҳиятан инқилобий бўлди, халқ енгил нафас олди. Энди парламент ва ҳукумат унинг барча ваъдаларини тўлиқ, зудлик билан ва аниқ амалга ошириши керак. Аввало, биринчи президентнинг Қозоғистон халқи ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгашига умрбод раислигини бекор қилиш керак эди, бу ҳақда президентнинг ўзи аллақачон эълон қилганди ва буни бугун биз амалга оширдик. Мен парламентнинг ушбу тарихий қарорини қабул қилишда иштирок этдим, – деди депутат.
Унинг сўзларига кўра, тегишли тузатишлар аллақачон Сенатга тасдиқлаш учун юборилган.
Амалдаги президент Қосим-Жомарт Тўқаев 5 январь куни мамлакатдаги тартибсизликлар авжига чиққан пайтда ўзини Хавфсизлик Кенгаши раҳбари деб эълон қилди ва шу тариқа Нурсултон Назарбоев бир умрли лавозимидан четлатилди. Бу ерда «четлатилди» ибораси ишлатилади, чунки Назарбоев Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини Токаевга топширмагани ҳақида ҳануз ҳеч қандай расмий маълумот йўқ (биринчи президент кечаги видеомурожаатида амалдаги давлат раҳбари ушбу тузилманинг раиси эканини фақат таъкидлаб ўтганди).
Бу Элбошининг амалдаги ҳукуматдаги сўнгги расмий роли бўлди – икки ой аввал, ноябрда у Қозоғистондаги ҳукмрон «Нур Отан» партияси жиловини Тўқаевга топширганди (унинг 28 январдаги партия қурултойида раис этиб сайланиши кутилмоқда) ва ундан ҳам олдинроқ, баҳорда Қозоғистон халқи Ассамблеяси раҳбари лавозимини амалдаги президентга топширди.
Назарбоев 2018 йили Хавфсизлик Кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Ўшанда ушбу органнинг ҳуқуқий мақоми ҳам ўзгарганди – у маслаҳат органидан конституциявий органга айланганди.