Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ўз фармони билан Руслан Яхшилиқовни Қозоғистон мудофаа вазири этиб тайинлади. У давлат раҳбарининг бошқа фармони билан ушбу лавозимни эгаллаб турган Мурат Бектанов ўрнини эгаллади.
Бектанов 2021 йил августидан буён бир неча ой Мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган. У Жамбил вилоятидаги ўқ-дорилар омборларида рўй берган портлашлардан сўнг ишдан кетган Нурлан Ермекбоев ўрнига вазирликка раҳбар этиб тайинланган эди.
Руслан Яхшилиқов бугунга қадар Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари ва Миллий гвардия бош қўмондони лавозимида ишлаб келаётганди. Тўқаев унинг ўрнига Еркин Бўтакановни иккала лавозимга тайинлади.
Генерал-лейтенант Руслан Яхшилиқов 1966 йили Олмаота вилоятида туғилган. 1987 йили Конев номидаги Олмаота олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаган, сўнгра Фрунзе номидаги ҳарбий академия ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби Ҳарбий академиясининг Олий академик курсларини «давлат ҳарбий хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича тамомлаган.
1987 йилдан 2006 йилга қадар у турли лавозимларда — взвод командиридан тортиб Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари бўлинмаси командиригача хизмат қилган. 2006-2014 йиллари Ички ишлар вазирлиги қўмондонининг ўринбосари, сўнгра ички қўшинлар қўмондони ва бош қўмондони бўлган. Яхшилиқов 2014 йил апрель ойидан — Қозоғистон Республикаси Миллий гвардияси Бош қўмондони этиб тайинланган.
2019 йил август ойида Қозоғистоннинг «Время» газетасида Миллий гвардия генералларининг, жумладан Жақсилиқовнинг ҳашаматли меҳмонхоналарда яшаши ва «аэропорт VIP — залларида музқаймоқ ейиши» учун аскарларнинг озиқ-овқатидан тежаб қолинаётгани ҳақида мақола чоп этганди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ҳукумати 5 январь куни Манғистау вилоятида суюлтирилган газ нархини пасайтириш талаби билан бошланган намойишлар фонида истеъфога чиққанди. 11 январь куни Тўқаев парламент билан келишган ҳолда ҳукуматнинг янги таркибини тасдиқлади. Ўшанда ҳукумат таркибида атиги 7 нафар янги вазир бўлган, қолган 16 вазирнинг 9 нафари ўз лавозимини сақлаб қолган.