Қозоғистонда биринчи президент — Элбошини дахлсизликдан маҳрум қилишга доир чақириқлар янгради

Нурсултон Назарбоев. Akorda.kz сайти фотосурати

Egov.press сайтида Қозоғистон президенти ва парламентига мурожаат этилиб, Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тўлиқ дахлсизликни кафолатланган «Биринчи президент тўғрисида»ги қонунни бекор қилишни талаб қилувчи петиция пайдо бўлди.

«Биринчи Президент тўғрисида»ги Конституциявий қонун 2000 йили қабул қилинган. Унга кўра, Элбоши унвонига эга Назарбоев алоҳида мавқега эга бўлиб, унга нисбатан бир қатор истиснолар жорий қилинган. Биринчи президентни қўлга олиш, уни тинтув қилиш, сўроқ қилиш ва ҳибсга олиш мумкин эмас. Қонун Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли мулк ва банк ҳисоблари дахлсизлигини кафолатлайди. Уларнинг барчаси давлат ҳисобидан умрбод ҳимоя, алоқа, транспорт ва тиббий суғурта ва бошқа имтиёзлар билан таъминланади. Давлат таъминотидаги хизмат уйи ва дала ҳовлиси Элбоши мулкига ўтади.

«Бундай имтиёзлар демократик жамият қуришга интилаётган Қозоғистон учун тўғри келмайди, деб ҳисоблайми. Бундан ташқари, бу ҳолат биринчи президент оиласи ва бошқа қариндошларининг даромад манбалари борасида шубҳа туғдиради. Буларнинг барчаси қонуний ва объектив текширувдан ўтказилмоғи лозим, бироқ мазкур қонун бунга йўл қўймайди. Биз ушбу қонунни бекор қилишни талаб қиламиз!» — дейилади Асилхон Алибеков муаллифлигида ёзилган петицияда.

Мурожаат 18 январь куни кечқурун эълон қилинган, бу янгилик эълон қилинган пайтда унга 1800 дан ортиқ одам имзо қўйган.

Бир ҳафта олдин худди шу сайтда Қозоғистон пойтахти – Нур-Султон номини Остона деб ўзгартириш талаби билан петиция эълон қилинган эди. Ҳозиргача у 218,6 мингдан ортиқ имзо тўплаган.

Қозоғистонда норозилик намойишлари тартибсизликлар ва талончилик ҳаракатларига айланган январь ойи бошидан бери Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари кўздан ғойиб бўлди. Республикада аксилтеррор операцияси олиб борилаётган одамлар нобуд бўлаётган бир пайтда КХШТ тинчликпарвар контингенти олиб келинган, Элбоши омма олдида кўринмади ва ҳеч қандай баёнот ҳам бермади. Назарбоев ва унинг оила аъзолари Қозоғистонни тарк этган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ, унинг матбуот котиби Элбоши мамлакатда экани ва президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан мунтазам алоқада эканини айтди. Бироқ, экспертлар Қозоғистон ҳукмрон элитасининг бўлиниб кетганини таъкидладилар.

Кутилмаганда, 18 январь куни Нурсултон Назарбоев видеомурожаат қилиб, у «Қозоғистон пойтахтида муносиб дам олаётганини ва ҳеч қаерга кетмаганини» айтди ва Тўқаев билан можаро бўлгани тўғрисидаги гапларни инкор этди.

«Президент Қосим-Жомарт Тўқаев тўлиқ ҳокимиятга эга. У Хавфсизлик Кенгашининг раиси. Тез орада президент «Нур Отан» партияси раиси этиб сайланади. Шунинг учун элита ўртасида ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршиликлар йўқ. Бу борадаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир», — деди Назарбоев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ