Қозоғистоннинг барча ҳудудларида фавқулодда ҳолат режими бекор қилинди

Қозоғистонда комендантлик соатида ҳужжатларни текшириш. Orda.kz фотосурати

Қозоғистонда тартибсизликлар сабабли 5 январь куни президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан жорий этилган фавқулодда ҳолат бекор қилинди.

19 январдан бошлаб Қозоғистоннинг етти вилоятида – Олмаота, Нур-Султон, Олмаота, Атирау, Жамбил, Қизилўрда ва Манғистау вилоятларида фавқулодда ҳолат бекор қилинди.

Бундан олдин мамлакатнинг яна ўнта вилоятида: Ақтўбе, Павлодар, Ғарбий Қозоғистон, Шимолий Қозоғистон, Ақмола, Қўстанай, Шарқий Қозоғистон, Қарағанда, Туркистон вилоятлари ва Чимкент шаҳрида фавқулодда ҳолат бекор қилинган эди.

«Шундай қилиб, бутун мамлакат нормал ҳаётга қайтмоқда. Фавқулодда ҳолат даврида жорий этилган комендантлик соати ва бошқа вақтинчалик чекловлар ҳам бекор қилинди», — деб ёзди Қозоғистон Республикаси президенти матбуот котиби Берик Уали ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Шу билан бирга, Жамбил ва Олмаота вилоятлари ҳамда Олмаота шаҳрида террорчилик таҳдидининг хавфли даражаси сақланиб қолинган. Олмаотада полиция бошқармаси, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан терроризмга қарши операция ва шаҳарни кечаю кундуз патрул қилиш давом этмоқда. Назорат пунктлари ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Маршлар ва митинглар тақиқланган.

Жанубий пойтахтда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати бекор қилиниши муносабати билан жамоат транспортининг ишлаш муддати узайтирилди. Бугундан Олмаота халқаро аэропорти одатдагидек ишлай бошлайди.

Қозоғистонда фавқулодда ҳолат режими суюлтирилган газ нархининг ошишига қарши республика ғарбидаги Манғистау вилоятида бошланган митинглар бошқа вилоятларга тарқаб, тартибсизлик ва талончилик ҳаракатларига айланганидан сўнг жорий этилди. Ҳукумат истеъфога чиқарилди. Тўқаев мамлакат террорчилар ва жиноий гуруҳлар томонидан ҳужумга учрагани ва ёрдам сўраб КХШТ бўйича ҳамкорларига мурожаат қилганини айтди. 6-7-январь кунлари КХШТ давлатларининг тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга етиб келди ва 13 январдан вазият барқарорлашгани муносабати билан унинг мамлакатни тарк этиши бошланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликлар натижасида 227 киши, жумладан, 19 ҳуқуқ-тартибот ходими ва икки бола ҳалок бўлган. Мамлакат бўйлаб маъмурий бинолар, дўконлар, давлат идоралари ва хусусий шахсларга тегишли юзлаб автомашиналар ёниб, зарар кўрган. Биргина Олмаота шаҳрига 112,6 миллиард тенге ($257,6 млн) зарар етган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ