Йил бошидан бери қорасини кўрсатмаган Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 18 январь куни видеомурожаат билан чиқди, унинг матни Elbasy.kz сайтида чоп этилган.
Мурожаатда Назарбоев, жумладан 2019 йили президент ваколатларини Қосим-Жомарт Тўқаевга берганини ва ўшандан бери «нафақахўр» эканини маълум қилган. «Ҳозирда Қозоғистон пойтахтида муносиб дам олмоқдаман ва ҳеч қаерга кетганим йўқ», деб таъкидлаган у.
«Президент Қосим-Жомарт Тўқаев тўлиқ ҳокимиятга эга. У Хавфсизлик Кенгашининг раиси. Тез орада президент «Nur Otan» партияси раиси этиб сайланади. Шунинг учун элита орасида ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршиликлар йўқ. Бу мавзудаги миш-мишлар мутлақо асоссиз», — деди Назарбоев.
Биринчи президент сўзларига кўра, у 30 йил давомида тинмай Ватан учун «тер тўккан», ислоҳотлар ўтказиб, унинг сарҳадларини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилган.
Мамлакатдаги барқарорлик ва осойишталик доимо менинг мақсадим бўлиб келган. Барчамиз мана шу қадриятларни эъзозлашимиз керак. Биз, албатта инқирозни енгамиз ва янада кучлироқ бўламиз.
Президент халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган янги ислоҳотлар дастурини илгари сурди. Бу дастурни қўллаб-қувватлаш керак», — деди Назарбоев, шу билан бирга давлат раҳбари сифатида ўзи амалга оширган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ватандошларига миннатдорчилик билдирди.
Назарбоев январь воқеаларига изоҳ бераркан, тартибсизликлардан мақсад «мамлакат яхлитлиги ва давлат асосларини бузиш» эканини таъкидлади.
«Бўлиб ўтган воқеалар мустақилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлигини яна бир карра кўрсатди. Бўлиб ўтган фожиа барчамиз учун сабоқ бўлди. талончилик ва қотилликларни ким уюштирганини аниқлаш муҳим. Бу саволга тергов жавоб беради.
Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман, жароҳатланганлар тезроқ соғайиб кетишини тилайман», — деди Қозоғистоннинг биринчи президенти.
Мазкур мурожаатдан олдин Назарбоев ўтган йил декабрь ойи охирида сўнгги марта омма олдида кўриниш берганди. Январь ойи бошида мамлакатни қамраб олган намойишлар чоғида биринчи президент ва унинг оила аъзолари Қозоғистонни тарк этган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Бироқ, Назарбоевнинг матбуот котиби унинг мамлакатда экани ва президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан алоқада эканини маълум қилди.