Дариға Назарбоева маошсиз таътилга чиққан

Дариға Назарбоева. Zakon.kz сайти фотосурати

Қозоғистон парламенти мажлиси депутати Дариға Назарбоева маошсиз таътилга чиқди, деб ёзади Zakon.kz мамлакат собиқ президенти қизининг матбуот котибига таяниб.

«Дариға Назарбоева коронавирус инфекциясидан кейинги реабилитация муносабати билан январь ойи охиригача ҳақ тўланмайдиган таътилда бўлади», — деди 17 январь куни номи ошкор этилмаган матбуот котиби.

Бундан олдин, 12 январь куни парламент Назарбоеванинг касаллик таътилида экани, унинг ёрдамчиси Жанна Эрмекова эса биринчи президентнинг қизи коронавирусга чалингани ва Олмаотадаги уйида экани, шу сабаб у парламент йиғилишларига қатнашмагани ҳақида маълум қилганди.

Дариға Назарбоева 2021 йил январидан буён парламентнинг Иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий ривожланиш қўмитаси аъзоси ҳисобланади. У Нурсултон Назарбоев жамғармасини ҳам бошқаради.

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатда «газли» норозилик намойишлари бошланганидан бери омма олдига чиқмади ва уларнинг қаердалиги ҳозиргача номаълум. Назарбоевнинг кенжа қизи Алия 13 январь куни Facebook ва Instagramда пост ёзиб, январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва отасини қўллаб қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди. Аммо орадан бир неча соат ўтгач, у ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини ёпди. Бу фойдаланувчилар геолокация орқали унинг Бирлашган Араб Амирликларида эканини аниқлаганларидан сўнг содир бўлди. Назарбоевнинг укаси Болат ҳам БААда эканлиги тахмин қилинмоқда. У 6 январь куни Қозоғистонни тарк этган ва шу куни Бишкек орқали Дубайга учган.

Сўнгги кунларда Назарбоевнинг кўплаб давлат тузилмалари ва бизнес компанияларида муҳим лавозимларни эгаллаган қариндошлари аста-секин ўз ўринларини бўшатмоқдалар. 17 январь куни собиқ президентнинг куёви Тимур Кулибоев «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси (МТП) президиуми раиси лавозимини тарк этди. Шу куни Назарбоевнинг жияни Самат Абиш Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилгани маълум бўлди. Аввалроқ, 15 январь куни Назарбоевнинг яна икки куёви, «КазТрансОйл» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Димаш Дўсанов ва «КазТрансГаз НК» АЖ бошқаруви раиси Қайрат Шарипбоев ўз лавозимларидан айрилган эди. Иккинчиси Дариға Назарбоеванинг турмуш ўртоғи.

Бугун Дариға Назарбоеванинг ўғли Алжан Имашев «КТЖ – Грузовые перевозки» компанияси бош директори ўринбосари лавозимидан озод этилди. Алжаннинг синглиси Аида Имашева Назарбоеванинг ўғли Нурали Алиевнинг рафиқаси, отаси Берик Имашев эса Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг раиси ҳисобланади.

Шу билан бирга, New Reporter нашри ўтган ҳафта давомида Қозоғистоннинг бирорта телеканали хабарларда Нурсултон Назарбоев номини тилга олинмаганига эътибор қаратди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ