Олмаотада оммавий тартибсизликлар пайтида кўрилган зарар 260 миллион долларни ташкил этган

Ёниб кетган Олмаота ҳокимияти биноси. Orda.kz Телеграм-канали фотосурати

Оммавий тартибсизликлар натижасида Олмаотага етказилган зарар 112,6 миллиард тенгени (257,6 миллион доллар) ташкил қилган. Бу ҳақда 17 январь куни штаб йиғилишида шаҳар ҳокими ўринбосари Илёс Усеров маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.

Бизнес объектлари энг кўп зарар кўрган, уларга 67 миллиард тенге (153 миллион доллар), жумладан кичик ва ўрта бизнесга 42 миллиард (96 миллион доллар) зарар етказилган. Асосан ноозиқ-овқат дўконлари зарар кўрган, унинг миқдори қарийб 20 миллиард тенге (45,7 миллион доллар), озиқ-овқат дўконлари 5,7 миллиард тенге (13 миллион доллар), қурол дўконлари 6,4 миллиард тенге (14,6 миллион доллар), ломбардлар – 2,9 млрд тенге (6,6 млн доллар), умумий овқатланиш объектлари – 1,8 млрд тенге (4 млн доллар) зарар кўрган. Йирик корхоналарга тахминан 25 миллиард тенге (57 миллион доллар) миқдорида зарар етказилган.

«Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси маълумотларига кўра, 12 январь ҳолатига биноан Қозоғистонда январдаги талончиликлар пайтида тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг умумий миқдори 103,7 миллиард тенгега (237 миллион доллар) етади, шундан 102 миллиард (233 миллион доллар) Олмаота шаҳрига тўғри келади. 1885 та зарар кўрган тадбиркорлик объектларидан 1771 таси Олмаотада жойлашган.

«Молия ташкилотлари- банк филиаллари, банкоматлар — бугунги кунда дастлабки ҳисоб китобларга кўра 702 миллион тенге (1,6 миллион доллар) миқдорида зарур кўрган. Бугун барча банклар қайта текширилмоқда ва улар кун охиригача янгиланган маълумотларни тақдим этишга ваъда беришган», — деди Усеров ва бу рақамлар ҳали ҳам аниқланаётганини қўшимча қилди.

Талончилик ҳаракатлари натижасида маъмурий биноларга етказилган зарар 22,6 миллиард тенгени (51,7 миллион доллар), жумладан ҳокимлик биносига 20 миллиард тенге ва Бош прокуратура биносига 2 миллиард тенгени ташкил қилган. Давлат муассасаларининг моддий-техник базасига (мебель, жиҳозлар, оргтехника) 16,7 миллиард тенге (38 миллион доллар) зарар етган, давлат идоралари ва жисмоний шахсларнинг автомобиллари деярли 2 миллиард тенгега (4,5 миллион доллар) вайрон қилинган.

Прокуратура маълумотларига кўра, шаҳарда тартибсизликлар пайтида содир этилган жиноятлар фактлари бўйича ички ишлар органлари томонидан 405 та жиноий иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Талончилик ва тартибсизликлар оқибатида 2000 га яқин объект, шу жумладан 1600 дан ортиқ савдо дўконлари шикастланган ва вайрон қилинган, 356 дан ортиқ транспорт воситалари, шу жумладан 163 полиция машинаси шикастланган ва йўқ қилинган.

Қозоғистонда 2 январда бошланган, тартибсизлик ва талончиликларга айланган норозилик намойишлари сабаб президент Қосим-Жомарт Тўқаев 5 январь куни мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва ҳукумат истеъфога чиқарилди. Президент мамлакат террор хуружига учраганини таъкидлаб, КХШТ бўйича ҳамкорларидан ёрдам сўраб мурожаат қилди. Республикада аксилтеррор операцияси бошланди, 6-7 январь кунлари КХШТга аъзо бешта давлатдан иборат тинчликпарвар контингенти етиб келди. Бир неча кундан сўнг Тўқаев вазият барқарорлашгани ва тинчликпарвар кучлари олиб чиқилишини эълон қилди.

Расмий маълумотларга кўра, жиноий гуруҳларни зарарсизлантириш бўйича операция пайтида камида 225 киши (шундан 149 нафари Олмаотада бўлган), жумладан 19 нафар полициячи ва аскар ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг қолганлари талончилик ҳаракатларида иштирок этган, ҳуқуқ муҳофаза органлари вакилларига қарши ҳужум қилган одамлар ҳисобланди. Тинч аҳолидан қанча одам ҳалок бўлгани ҳозиргача номаълум.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ