Тўқаев МХҚ раҳбарининг биринчи ўринбосари Самат Абишни ишдан бўшатди

Самат Абиш. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитаси (МҲҚ) раисининг биринчи ўринбосари, мамлакат собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишни ишдан бўшатди. Президент фармони 17 январь куни Оқорда сайтида эълон қилинган.

Самат Абиш 2015 йил декабридан МХҚ раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Жорий йилнинг 7 январь куни Orda.Kz унинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди, бироқ кейинчалик манба хатосига таяниб, бу маълумотни рад этди. Шу билан бирга ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Абишнинг МҚБ раҳбари биринчи ўринбосари лавозимидан четлатилиши ҳақидаги маълумотлар тарқалди, бироқ маҳкама ҳам буни рад этиб, буни «провокацияли хабар»деб атади ва у ўз фаолиятини давом эттираётганини таъкидлади. Кейинроқ МХҚ Абишнинг 13 январдан бери меҳнат таътилига чиққани тўғрисида хабар берди.

МХҚ юқори раҳбариятига қарши жиноят иши давом этаётган бир пайтда манбалардан Абишнинг олиб кетилиши ва ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар келди. 5 январь куни қўмита раҳбари Карим Масимов ишдан бўшатилди, кейинроқ унинг икки ўринбосари — Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожин ўз лавозимларидан маҳрум этилди. Улар давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уриниш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқдалар. Президент хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Ермек Сагинбоев МХҚ раиси этиб тайинланди.

Қозоғистонда 2 январь куни бошланган ва тартибсизлик, талончиликка айланиб кетган норозилик намойишлари сабаб президент Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва ҳукумат истеъфога чиқарилди. Президентнинг айтишича, мамлакат террор хуружига учраган. Ҳужум режаси ҳарбий, сиёсий, мафкуравий, дезинформацион ва бошқа жиҳатларни ўз ичига олган. Шу билан бирга, МХҚ ваколатли орган сифатида бу қўпорувчилик фаолиятига қаршилик кўрсатмаган ва ҳужум чоғида қўмита бўлимлари бошлиқлари «қурол ва махфий ҳужжатлар мавжудлигига қарамай, объектларни қаршиликсиз топширган».

Сўнгги кунларда Назарбоевнинг кўплаб давлат тузилмалари ва бизнес компанияларида муҳим лавозимларни эгаллаган қариндошлари аста-секин ўз ўринларини бўшатиб бормоқда. Қозоғистон собиқ президентининг куёви Тимур Кулибоев бугун «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси (МТП) президиуми раиси лавозимини тарк этди. Аввалроқ, 15 январь куни Қозоғистон собиқ президентининг яна икки куёви «КазТрансОил» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Димаш Дўсанов ва «КазТрансГаз НК» АЖ бошқаруви раиси Қайрат Шарипбаев эгаллаб турган лавозимидан маҳрум бўлдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ