Қозоғистонда Назарбоев хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари ҳибсга олинди

Ануар Садиқулов (марказда). Ижтимоий тармоқ фотосурати

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 6 январга қадар МХҚ раҳбари ўринбосари ва «А» махсус хизматини (маҳкама махсус бўлинмаси) бошқарган Ануар Садиқуловнинг ҳибсга олинганини маълум қилди. МХҚ баёноти 13 январь куни Tengrinews.kz сайтида чоп этилди.

«Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ МХҚ раиси [Карим] Масимовга нисбатан давлатга хиёнат қилиш айби бўйича судгача тергов ишларини давом эттирмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишга қаратилган ҳаракатлар юзасидан текширувлар бошлаб юборилган. Ушбу жиноятларни содир этишда гумон қилиниб, К.Масимовдан ташқари МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – «А» махсус хизмати бошлиғи А[нуар] Садиқулов ва МХҚ раиси ўринбосари Д[аулет] Ергожинлар қўлга олинди. Тергов давом этмоқда», — дейилади МХҚ хабарида.

Карим Масимов Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан 5-январь куни мамлакатнинг энг йирик шаҳри- Олмаотада тартибсизликлар ва талончилик ҳаракатлари бошланганида лавозимидан четлаштирилди. 6 январь куни Масимов давлатга хиёнат қилишда айбланиб, ҳибсга олинди. МХҚ ҳисоботига кўра, собиқ қўмита бошлиғига яна иккита модда — ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш ва ваколатни суиистеъмол қилиш бўйича айб қўйилмоқда.

53 ёшли Садиқулов бошчилигидаги «А» махсус хизмати Олма-Отадаги МХҚ бошқармасини ҳимоя қилиши керак эди, аммо ҳозирча номаълум сабабларга кўра, 5 январдан 6 январга ўтар кечаси ушбу хизмат ходимлари бир гуруҳ талончиларнинг бошқармага қарашли қурол-яроғларни эгаллаб олишига изн берган. 6 январь куни Тўқаев фармони билан Садиқулов ўз лавозимидан четлатилди.

Садиқулов 2014 йилдан буён МХҚ махсус бўлинмаларини бошқариб келган. 1992 йилдан Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоевнинг хавфсизлик хизматида ишлаган. 2012 йилнинг январида у Назарбоевнинг хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган.

Қўшимча қиламиз, 13 январь куни полковник Марат Ирменов Олма-Отадаги МХҚ бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани маълум бўлди.

2022 йилнинг биринчи кунларида Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши сабаб оммавий норозилик намойишлари бошланган эди. Кейинчалик акциялар бошқа шаҳарларга, жумладан Олмаотага ҳам тарқалди. 5 январь оқшомида Олма-Отадаги тинч намойишлар агрессив оломон ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувга айланди. Шаҳарда бир қатор давлат муассасалари эгаллаб олинди, ўнлаб одамлар — хавфсизлик ходимлари ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Тўқнашувлар КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга кириб келганидан кейин тўхтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ