Мирзиёев 2021 йил экспорт кўрсаткичларига тузатиш киритди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

2021 йили Ўзбекистонда экспорт ҳажми 12 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 3 миллиард долларга ўсди.12 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда шу ҳақда маълум қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бундан олдин, 30 декабрь куни президент экспорт ҳажми 16,5 миллиард долларга етганини, 2020 йилга нисбатан ўсиш қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилганди.

Январь ойи маълумотлари олтин экспорти ҳисобга олинмаган ҳолда берилган кўринади, бироқ президент матбуот хизмати хабарларида бу ҳақда сўз юритилмаган.

12 январь кунги йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Стратегик ривожланиш агентлиги фаолияти муҳокама қилинди. Жумладан, 2021 йили республикага жами 10 миллиард доллардан ортиқ чет эл инвестициялари, жумладан 8,1 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилгани қайд этилди.

2022 йили умумий қиймати 9,5 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилган. Мирзиёев туризм, тиббиёт ва машинасозлик соҳаларидаги лойиҳаларга хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Президент ҳар бир инвестиция лойиҳаси устидан доимий назоратни ўрнатиш ва унинг ўз вақтида ишга туширилишини таъминлашни буюрди.

Мирзиёев экспорт ҳақида гапирар экан, унинг таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши сезиларли даражада ошганини таъкидлади. У 2022 йилда экспорт ҳажмини 14 млрд долларга етказиш бўйича кўрсатма берди

Давлат раҳбари ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари турларини кенгайтириш зарурлигини айтиб ўтди. Таъкидланганидек, Ўзбекистонда илгари ишлаб чиқарилмаган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирган маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотлари харид қилиниши кафолатланади.

Мирзиёев, шунингдек аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган таълим, тиббиёт, сув таъминоти, йўл ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда шаффофликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидлади.

Бундан аввал Мирзиёев 2021 йили ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 7 фоизни ташкил этгани, инфляция даражаси 10 фоиздан паст даражада қайд этилганини маълум қилганди.