Қозоғистон биринчи президентининг кенжа қизи Алия Назарбоева Facebook ва Instagramда пост ёзиб, унда январь воқеалари чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ҳамда отаси Нурсултон Назарбоевни қўллаб қувватлагани учун одамларга миннатдорчилик билдирган.
«Мамлакатимизда юз берган фожиали воқеаларни қалбдаги оғир дард билан ҳис қиламан. Қурбон бўлган одамлар туфайли пайдо бўлган оғриқ ва надоматни сўз билан ифодалаш қийин. Мен қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдираман. Барчамиз учун бу шафқатсиз сабоқ тарихимизда охиргиси бўлсин. Тинчлик даврида одамларнинг қурбон бўлиши бу нотўғри нарса.
Сизлардан келаётган илиқ сўзлар учун ҳам раҳмат. Айни дамда отамни маънан қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур дейман. У шу кунларда турли вилоят аҳлидан кўплаб хабарлар олмоқда. Қозоғистонга фақат тинчлик ва тараққиёт, қозоғистонликларга фаровонлик ва соғлик тилайман. Ўзингизни эҳтиёт қилинг», — деб ёзган Назарбоева.
Таъкидлаш жоиз, Алия Назарбоева Қозоғистон собиқ президенти оиласидан сўнгги икки ҳафта ичида жамоат олдида кўриниш берган ягона инсон ҳисобланади. Элбошининг қолган қариндошлари унинг ўзи каби январь бошидан бери омма олдида кўринмади. Ҳозирча Назарбоевнинг ўзи ҳам, оиласининг бошқа аъзолари ҳам мамлакатда рўй бераётган драматик воқеаларга изоҳ бермади.
Элбошининг тўнғич қизи, парламент (қуйи палата) депутати Дариға Назарбоева 11 ва 12 январь кунлари бўлиб ўтган парламент сессияларида иштирок этмади. Назарбоеванинг ёрдамчиси Жанна Ермекова унинг йўқлигини касаллик билан изоҳлади – унинг сўзларига кўра, биринчи президентнинг қизи коронавирусга чалинган ва Олмаотадаги уйида даволанмоқда.
Январь ойи бошида мамлакатни қамраб олган «газ» намойишлари ва ундан кейинги аксилтеррор операциялари чоғида ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги турли манбалар биринчи президент ва унинг оила аъзолари Қозоғистонни тарк этган бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди ва бу ҳақда турли версиялар пайдо бўлди. 8 январь куни Назарбоевнинг матбуот котиби у Нур-Султонда экани ва президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан «тўғридан-тўғри алоқада» эканини айтди. Шу билан бирга, «Фарғона»га маълум бўлишича, Нур-Султондаги Элбоши қароргоҳининг ташқи периметри ҳимояси январь ойи бошида олиб ташланган.
Назарбоевнинг укаси Болат ҳам 6 январь куни Қозоғистонни тарк этиб, Бишкек орқали Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига йўл олгани хабар қилинганди.