Қозоғистон МХҚ полковниги ва Жамбил вилояти полицияси бошлиғи ўлик ҳолда топилган

Жанат Сулейменов ва Азамат Ибраев. YEDILOV ONLINE Telegram-канали фотосурати

Жамбил вилояти ИИБ бошлиғи, генерал Жанат Сулейменов ўлик ҳолда топилди, деб хабар беради NUR.KZ. Маълумотни вилоят полиция департаменти матбуот хизмати тасдиқлади. Генералнинг ўлими сабаблари ўрганилмоқда.

Жанат Сулейменов 1962 йил 22 июлда Қарағанда вилоятида туғилган. 1980 йилдан ички ишлар органларида иш бошлаган. Турли даврларда республиканинг турли вилоятларидаги ички ишлар бўлимларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган, ИИВ Наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси ва гиёҳвандликка қарши кураш қўмитасининг раиси, ИИВ Жиноий полиция қўмитасига раҳбарлик қилган, транспорт полицияси бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Сулейменов Қозоғистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ҳам ишлаган. У 2020 йил февраль ойида Жамбил вилояти ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллаган.

Журналист Михаил Козачков ўзининг телеграм-каналида Сулейменов ўз жонига қасд қилганини ёзади. Журналистнинг сўзларига кўра, тартибсизликлардан сўнг генералга нисбатан жиноий иш очилган, унга трибунал билан таҳдид қилинган.

Бугун Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси полковниги Азамат Ибраев пойтахтда ўлик ҳолда топилгани маълум бўлди. «2022йил 10 январда Нур-Султон шаҳридаги уй ҳовлисида МХҚ полковниги Азамат Ибраевнинг жасади топилди», — дея Vlast.kz нашри МХҚ хабаридан иқтибос келтиради. Маҳкама ҳодиса тафсилотлари ҳақида хабар бермаган. Судгача тергов ишлари бошланган.

КазТАГ хабарига кўра, 10 январь куни Олмаотада туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосарларидан бири ўз иш жойида вафот этган. Полковникнинг юраги чидам бермаган, дейилади агентлик хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ