Тожикистон парламентининг ҳар икки палатаси депутатлари республиканинг халқаро мажбуриятларини бажариши учун тожикистонлик ҳарбийлардан хорижда фойдаланишга розилик берди, деб хабар беради «Ховар» миллий ахборот агентлиги.
Худди шундай қарор Қирғизистон парламентининг 7 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида ҳам қабул қилинган. Бир кун аввал мамлакат парламенти ушбу масалани кўриб чиқиш учун зарур кворумни тўплай олмаганди, деб эслатади «Интерфакс».
5 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев КХШТга аъзо давлатлардан террорчилик таҳдидига қарши курашда ёрдам сўради. 6 январь куни Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Тўқаев билан телефон орқали суҳбатда республика Қозоғистондаги КХШТ тинчликпарвар миссиясида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Ўша куни Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаров ҳукумат Қозоғистонга ёрдам беришга ва керак бўлганда КХШТ доирасидаги иттифоқчилик мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини тасдиқлади.
Бундан аввал Тожикистон куч тузилмаларидаги манба РИА Новости агентлигига республика Қозоғистонга 200 га яқин ҳарбий хизматчи жўнатишини маълум қилганди. Қирғизистондан «Скорпион» («Чаён») махсус бўлинмасининг 150 нафар жангчисини қўшни республикага юборишга қарор қилинди. Қирғизистон мудофаа вазири Бактибек Бекболотовнинг сўзларига кўра, улар орасида «битта ҳам аскар бўлмайди, фақат офицерлар, прапорщиклар ва шартнома асосидаги ҳарбийлар бўлади. Улар тайёр. Президент фармонидан сўнг уларни дарҳол икки самолёт бортида жўнатамиз. Биринчисида — шахсий таркиб, иккинчисида — ҳарбий техника бўлади».
Қирғизистон саккизта зирҳли техника ва ўн битта автомобиль жўнатади. Ҳарбий техникага путур етган тақдирда КХШТ Бишкекка етказилган зарарни қоплайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонга Россия Ҳаво-десант кучлари махсус бўлинмаларининг 45-чи алоҳида бригадаси, Иваново ва Уляновск ҳаво-десант қўшинлари бўлинмалари юборилган эди. Белоруссия 103-чи Витебск ҳаво-десант бригадасидан тинчликпарвар ротасини юборди. Арманистон 70 та аскар юборди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги КХШТ бош котиби Станислав Засга таяниб, етиб келган ҳарбийларнинг умумий сони 2500 нафарни ташкил этгани, уларнинг барчаси Олмаотага жўнатилганини маълум қилди.