6 январга ўтар кечаси ҳуқуқ-тартибот идоралари Олмаотада аксилтеррор операциясини бошлади. Эрталабдан шаҳар ҳокимлиги олдидаги майдонда ҳарбийлар ва қуролланган одамлар ўртасида шиддатли отишмалар бўлиб ўтмоқда. Майдонга қўшинлар етиб келган, ҳудуд тартибсизликларни қўзғатувчилардан «тозаланмоқда», деб хабар беради «ТАСС» воқеа жойидан.
Майдон яшил камуфляж ва ниқобларда бир хил жиҳозланган 300 га яқин ҳарбий хизматчилар билан ўралган, улар зирҳли транспортёрлар ва юк машиналарида келган. Тинч аҳоли ва журналистлар қуршов жойидан чиқарилган. Кейин майдон ичида отишма бошланган. Хабар қилинишича, майдонда 200 га яқин қуролланган одам бор, уларнинг баъзилари ўқотар қуроллардан ўқ узмоқдалар.
Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарларида (мамлакат жануби-ғарбида) бошланган бўлиб, у ерда аҳоли суюлтирилган газнинг юқори нархда сотилишига қарши чиққан. Кўп ўтмай намойишлар бошқа шаҳарларга кўчди, Олмаотада тартибсизликлар бошланди. Полиция билан бўлган тўқнашувда ҳар икки томондан қурбонлар бор.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фавқулодда ҳолат жорий этди, ҳукумат истеъфога чиқди. Тўқаев ёрдам сўраб КХШТ бўйича ҳамкорларига мурожаат қилди, ташкилотнинг коллектив хавфсизлик кенгаши вазиятни барқарорлаштириш учун республикага ҳарбий контингент юборишга қарор қилди.