Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 200 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди

NUR.KZ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистонда жамоат тартибини бузган 200 нафар одам қўлга олинди. Бу ҳақда республика ИИВ матбуот хизмати хабар беради.

«Республиканинг бир қатор ҳудудларида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилган. Маҳаллий ижро ҳокимияти ва прокуратура органларининг огоҳлантиришларига қарамай, фуқаролар провокация чақириқларига берилиб, аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл уришди», — дейилади хабарда.

ИИВ хабарига кўра, «фуқароларнинг айрим гуруҳлари одамлар тинчлиги ва аҳоли пунктлари ҳаётини таъминлаш тизимини издан чиқарган ҳолда йўлларни тўсиб, транспорт ҳаракатини тўсиб қўйган. <…> Оломон томонидан тошлар, таёқлар, газ ва қалампир баллонлари ва молотов коктейллари ишлатилгани ҳолатлари қайд этилган».

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик идоралари ходимларига қарши ҳужумлар содир этилган. Олмаота, Чимкент ва Таразда ҳокимликларга ҳужум қилишга уринишлар қайд этилган – биноларнинг дераза ва эшиклари синдирилган.

Натижада ИИВнинг 95 нафар ходими тан жароҳати олган, 37 та хизмат машинаси шикастланган.

Ҳукумат вакилларига нисбатан зўравонлик, безорилик ва давлат биноларига ҳужум қилиш билан боғлиқ 13 та ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари бошланди, дейилади вазирлик хабарида.

2 январь куни Қозоғистон жануби-ғарбидаги Манғистау вилоятида норозилик намойишлари бошланди. Жанаўзен, Оқтау ва бошқа аҳоли пунктлари аҳолиси автомобиллар учун суюлтирилган газ нархини пасайтиришни талаб қилган. 3 январь куни уларга Ақтўбе, Атирау, Олма-Ота, пойтахт Нур-Султон, Уралск, Чимкент ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларидаги фаоллар қўшилишди. 5 январдан бошлаб Олма-Ота ва Манғистау вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ