Тўқаев ҳукумат истеъфосини қабул қилди

Алихон Смоилов. Baigenews.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бош вазир Асқар Маминнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги аризасини қабул қилди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алихон Смоилов бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Тўқаев 5 январь куни мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга бағишланган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Алихон Смоилов 1972 йилда туғилган. Ал-Фаробий номидаги ҚозМУ («амалий математика» мутахассислиги) ва КИМEПни (давлат бошқаруви магистри даражасини олган) тамомлаган. 2009-2014-йиллари Қозоғистон Статистика агентлигини бошқарган. 2019 йилдан ҳукумат истеъфога чиққунига қадар, у молия вазири лавозимида ишлаган. 2019 йил февраль ойида Смоилов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – молия вазири этиб тайинланган эди.

Қозоғистон Конституциясига кўра, бош вазирнинг истеъфога чиқиши бутун ҳукумат ваколатларининг тугатилишини англатади. Вазирлар ҳукуматнинг янги таркиби шаклланмагунга қадар ўз фаолиятини давом эттирадилар.

Истеъфо Қозоғистон жануби-ғарбида – Манғистау вилоятида 2 январь куни бошланган норозилик намойишлари сабаб юз берди. Жанаўзен, Оқтау ва бошқа аҳоли пунктлари аҳолиси автомобиллар учун суюлтирилган газ нархини пасайтиришни талаб қилди. 3 январь куни уларга Ақтўбе, Атирау, Олма-Ота, пойтахт Нур-Султон, Уралск, Чимкент ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларидаги фаоллар қўшилишди. 5 январдан бошлаб Олма-Ота ва Манғистау вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ