Афғонистоннинг хориждаги барча элчихоналари толиблар билан ҳамкорлик қилмасликка қарор қилди

Саид Тойиб Жавад (чапда). Twitter тармоғи фотосурати

Хориждаги барча афғон дипломатик ваколатхоналари Афғонистонда ҳукуматни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати билан ҳамкорлик қилмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Россиядаги элчиси Саид Тойиб Жавад «Интерфакс» агентлигига маълум қилди.

Элчига кўра, толиблар тузган ҳукумат бошқа давлатлар тан олиниши учун ҳеч қандай саъй-ҳаракат қилаётгани йўқ .

«Дунё ҳамжамиятининг «Толибон»ни тан олиши жудаям мавҳум. Кейинги 100 кун ичида толибларни бирорта давлат тан олмади ва гўёки толиблар легитимлик учун хулқ-атворини ўзгартирмайдиганга ўхшайди. Афғонистоннинг хориждаги барча дипломатик ваколатхоналари «Толибон» билан ҳамкорлик қилмаслик тўғрисида коллектив қарорга келди», — дейди афғон элчиси.

Эслатиб ўтамиз, бошқа давлат ҳукуматлари «Толибон»ни тан олиш учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ОАВ эркинлигини таъминлаш, аёллар ва турли этник гуруҳлардан таркиб топган коалицион сиёсий тизим шакллантириш каби шартларни қўйганлар.

Жавадга кўра, ҳозирда Афғонистоннинг Москвадаги элчихонаси штати икки бараварга қисқарган, қолган ходимлар кўнгилли равишда меҳнат қилмоқдалар.

Шунингдек, элчи Россия пойтахтидаги афғон дипмиссияси «дипломатик, сиёсий, академик доиралар, Россиянинг иқтисодий ва таълим муассасалари билан доимо алоқада» эканини таъкидлайди.

Таъкидлаш жоиз, Россия ҳукумати толиблар билан фаол мулоқот олиб бормоқда. Бундан ташқари, Қобулда Россия элчихонаси фаолият юритмоқда. Бу дипломатик корпус президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган, «Толибон» жангарилари пойтахтни босиб олган пайтда ҳам ўз фаолиятини тўхтатмади.

Гарчи толиблар четда хориж дипломатлари ва сиёсатчилари билан музокаралар олиб бораётган бўлсаларда, радикаллар тузган ҳукумат бугунга қадар чет элда бирорта ваколатхона очгани йўқ.

27 ва 28 ноябрь кунлари Қатарда «Толибон» делегацияси Европа Иттифоқи дипломатлари билан музокаралар ўтказди. Европа ташқи ишлар маҳкамаси мулозимлари толибларни яна бир бор Афғонистондаги турли этник гуруҳлардан, аёллардан таркиб топган ҳукумат тузишга чақирдилар.

7 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қобулга ташриф буюрди. У толиблар ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки билан учрашди. Комилов учрашувда ўзбек томони аввалги ҳукумат даврида бошланган лойиҳаларни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, октябрь ойи сўнггида толибларга қарши кураш олиб бораётган Миллий қаршилик фронти (МҚФ)нинг хорижда ваколатхонаси пайдо бўлди. МҚФ офиси АҚШда очилди. Шунингдек, МҚФ нинг Тожикистон пойтахтида ҳам офис очгани тўғрисида бир-бирини инкор этувчи хабарлар тарқалди. Миллий қаршилик фронти расман Душанбеда офисга эга эмас.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ