Анатомик нуқсонлари бўлган шахслар ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади

Sputniknews-uz.com сайти фотосурати

2022 йил 1 январдан Ўзбекистонда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахслар ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади. Бундай чора 27 ноябрда президент томонидан имзоланган қарорда кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, 1 декабрдан бошлаб шахс соғлиғининг ҳолатига кўра Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаган ҳолатда ногиронликни белгилаш бириктирилган ҳудудларга чиқиб кўчма мажлисларда, шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ҳамда сиртдан кўрикдан ўтказиш орқали ташкил этилади.

Мазкур санадан бошлаб тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.

2022 йил 1 августдан бошлаб дастлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизими жорий этилади. Бунда, фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар ахборот тизимига электрон тарзда киритилиши таъминланади. 2023 йил 1 январдан бошлаб ушбу ахборот тизими республиканинг бошқа барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилиши кўзда тутилган.

Қарорга кўра, 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан, 18 ёшдан катта фуқароларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида иккитадан, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида биттадан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилади. Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм ва Наманган вилоятларида қўшимча равишда биттадан туманлараро тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари тузилади.

Республика Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда ногиронлар сони қарийб 760 мингдан иборат. Шундан 120 мингга яқини 18 ва ундан кичик ёшдаги ногирон болалардир. Кўпгина ҳолларда оилалар бундай болаларни болалар уйи ва интернатга топширадилар.

ЮНИСЕФ (БМТ Болалар фонди) маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистондаги турли хил интернатларда 26 532 та бола яшаган, уларнинг аксариятини ногирон болалар ташкил этган. Ташкилотга кўра, Ўзбекистондаги интернатларда яшаётган болаларнинг улуши 100 мингта болага 255 та тўғри келади ва бу дунё кўрсатгичидан икки баробар кўп демакдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ